ISSN 1991-3087
Рейтинг@Mail.ru Rambler's Top100
Яндекс.Метрика

НА ГЛАВНУЮ

Этапы развития сотрудничества в учебном процессе учителя с учениками

 

Бекназарова Лола Садиновна,

доцент кафедры психологии Каршинского государственного университета, Узбекистан.

 

Таълим жараёнида ўқитувчи билан ўқувчи ҳамкорлигини такомиллаштириш босқичлари

 

Бекназарова Лола Садиновна,

доцент, Қарши Давлат университети, Ўзбекистан.

 

Ключевые слова: сотрудничество, учебной процесс, психологическое портрет, мотивация, стимул, коммуникативная дистанция, отношение, профессиональная подготовка.

 

Таянч сўзлар: Ҳамкорлик, таълим жараёни, психологик қиёфа, мотив, стумил, коммуникатив дистанция, муносабат, касбий тайёргарлик.

 

Таълим жараёнида ўқитувчи билан ўқувчиларнинг ҳамкорлик фаолиятига хос онгли интизомни ташкил этиш, таълим олувчиларни мустақил, ижодий фикрлашга ўргатиш касбий тайёрлаш муҳитини такомиллашиши ва юксалишига олиб келади.

Педагогика коллежлари таълим тизимидаги ўқитувчи билан ўқувчилар ҳамкорлигининг бугунги кун тимсоли ўқитиш жараёнини ташкил этилиши, педагог ва таълим олувчиларнинг психологик қиёфасини таснифлаш, уларнинг муносабатларидаги психологик муаммолар, ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш шарт-шароитлари, турли вазиятларга уларнинг тайёрлиги, бир-бирларини шахс сифатида қабул қилиши, ўқитувчининг ўзаро муносабатлардаги касбий билимдонлиги, ўз мавқеи, ахборотлар тизимини қабул этишдаги ҳам индивидуал, ҳам гуруҳий ёндашувлари, унинг ўзи ва ўқувчилари баҳосидаги психологик профили, ўқитиш жараёнидаги ҳамкорлик кўринишлари ва феноменологиясини ёритиш илмий тадқиқот олиб бориш имконини яратади. Ижтимоий ҳамкорликни ташкил этишда, энг аввало шахснинг социал-психологик хусусиятлари билан боғлиқ томонларини текшириш кераклиги назарда тутилади. Инсон омилининг тобора ортиб бориши умум манфаатлар учун самарали меҳнат қилишга ундовчи мотивлар ва стимуллар тизимини яратиш, инсонпарварликка асосланган ҳар бир жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий вазифаларидан бири саналади. Таълим жараёнида ўқитувчи ва ўқувчи ҳамкорлигининг психологик хусусиятларини умумлаштирган ҳолда ўрганиб, субъектлар ҳамкорлигининг асосий босқичларини ўзига хослик жиҳати хусусида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича шахслараро муносабатни белгиловчи коммуникатив дистанция даражаларидан шу нарса маълум бўлмоқдаки, ҳамкорлик фаолияти бир неча поғонали бўлиб, ёш хусусиятига, шахснинг камолоти, хулқ-атвор шакллари, хусусий яқинлик даражаси ҳамда жамоада қарор топган психологик муҳитга боғлиқ равишда шаклланиб боради. Шунга кўра, биз ўқитувчи билан ўқувчилар ҳамкорлигини қуйидаги босқичларга ажратишга муяссар бўлдик.

Биринчи босқични “Ҳамкорликка мўлжал олиш”, деб номладик. Бу босқичда ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам ўзларига мутаносиб шахслараро муносабат усулларини, муносабат тактларини ва муносабат шаклларини танлайдилар. Биринчи босқичнинг муҳим томони келгуси босқичлар учун негиз вазифасини ўтайди. Шу боис, ҳамкорликнинг ушбу босқичида ўқитувчи ҳам ўқувчи ҳам ўқув-тарбия жараёнида ҳамкорлик фаолияти учун зарурий юксак ахлоқийлик, хушмуомалалик, самимийлик, синчковлик, сабр-тоқатлилик, ўзини тута билиш, шахсий фазилатни чуқур ҳис этиш, бирор қарорга келишда ва ҳаракатда ўйлаб иш тутиш, белгиланган интизом ва тартибга қатъий амал қилиш, узоқни кўра олиш, ўзаро ҳамкорлик ва ўзаро ёрдамга тайёрлик, жамоа фикрининг устунлиги, сабр-бардошлилик, дўстлик-биродарлик каби шахсий фазилатларга таяниши мақсадга мувофиқдир. Мазкур босқичда ўқитувчи ўқувчилар билан ҳамкорлик қилиш учун мўлжал олинади. Ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам бир-бирини кузатади ва ўзларига мос келадиган жиҳатларини қиёслай бошлайди. Агар ўқувчи ўқитувчидан мослик топса, уни сўзсиз қабул қилади. Мослик топиш “Ҳамкорликка мўлжал олиш” босқичида шаклланади. Аксинча ҳолатда эса ҳамкорлик фаолияти етарлича шаклланмай қолади. Ушбу босқичда ўқитувчи томонидан ўқувчиларга кўрсатиладиган биринчи таассурот ҳал этувчи роль ўйнайди. Шунинг учун ўқитувчининг касбий-шахсий сифатларига қўйиладиган талаблар ҳал этувчи аҳамият касб этади.

Иккинчи босқич “Ҳамкорлик фаолиятига киришиш” босқичи ҳисобланади. Иккинчи босқич биринчи босқичга қараганда анча мураккаб бўлиб, ҳамкорлик фаолияти субъектларининг дастлабки перцептив тимсолларида ўз тасдиғини топиши лозим. Перцептив тимсолдаги нотўғри фрагментларни ҳосил бўлиши эса ҳамкорлик фаолиятининг биринчи босқичи билан чекланиб қолади. Бу воқелик эса таълим-тарбия жараёнини самарасиз якунлашга олиб келади. Акс ҳолда, перцептив тимсол ўқитувчи билан ўқувчилар томонидан мувофиқлик тасдиғини топса, у ҳолатда ҳар иккала тарафнинг субъектлари ҳамкорлик фаолиятига кириб боради.

Иккинчи босқичда мақсадга аниқлик киритилади, ҳамкорлик “дастури” бойитилади, шахсий хусусиятлар орасида уйғунлик ҳосил бўлади, ўзаро тушуниш кўлами кенгаяди ва бойиб боради. Ҳар бир ўқувчининг ўзига хос хусусиятларини ўрганиб бориш ва уни ҳисобга олган ҳолда педагогик қўллаб- қувватлаш ёрдамида қобилият ва иқтидорларини рўёбга чиқариш, муайян шароитга мосланувчанлигини қарор топтиришга йўналтирилган махсус ўқув фаолиятини ташкил этиш асосида шогирднинг баркамол ривожланиши учун энг қулай шароитни яратиш муҳимдир. Шу зайлда ўқитувчи билан ўқувчининг ҳамкорлик фаолияти бошланади.

Учинчи босқични “Ҳамкорликдаги фаолиятни амалга ошириш” босқичи деб номладик. Мазкур босқичда субъектларнинг ҳамкорлиги етарли кўриниш олади. Учинчи босқичнинг муҳим жиҳати уларнинг ҳамкорлиги ўзаро тушуниш, ҳиссий яқинлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, аниқ мақсад ва самарали натижага йўналтирилганлиги билан тавсифланади. Бу босқичда ўқувчиларда касбга нисбатан қизиқиш, фанга нисбатан билимдонлик, ақлий қобилият ҳамда ижодий тафаккурнинг ривожланиши, ҳиссиётни бошқариш, жамоа ҳаёти ва ўқув-тарбия жараёнига социал-психологик жиҳатдан мослашиш, ўз зиммасига жавобгарликни олиш, мустақил қарорлар қабул қилиш ва унга мос ҳаракатларни бажариш, жамоа орасида ишлашга одатланиш, тенгдошлари каби катталарга мурожаат қила билиш, танқидга тоқатлилик ҳамда танқидийликни намоён этиш, ўзгаларга ёрдам кўрсатиш, шахсий фикрни асослаш, эстетик дидга эга бўлиш, шунингдек, кузатиш, таҳлиллаш ва фарқлаш кўникмаларига эгалик, ўзга фикрларни ҳурматлаш, жамиятда мулоқот қилиш маданияти шаклланади.

Ўқитувчи таълим-тарбия жараёнида ўқувчининг тўлиқ ишончини қозонади, унга таъсир ўтказади ва ўз ортидан етаклай олади. Шогирднинг хатти-ҳаракати ва хулқ атворига мувофиқ тарзда устоз фаолиятини амалга оширади. Ҳамкорлик натижасида ҳосил бўладиган кўникмалар ўз хусусиятига кўра мустаҳкамдир. Ўқувчилар ўзлаштирган билимлардан ностандарт ҳаётий вазиятларда моҳирлик билан фойдаланиш кўникмасига эга бўлишлари лозим.

Ўз навбатида ўқувчида ҳам, ушбу босқичда устозларига ишонч билан қараш, муносабатлар ҳамкорлик кўринишини олган ҳамжиҳатлик ҳамда ‘‘устоз-шогирд’’ тизимидаги муносабат ўрин олади.

Ушбу босқич педагогика коллежининг II-III курс ўқувчилари фаолиятига хос психологик ҳодисадир. Ҳамкорлик фаолияти ривожланишининг кейинги босқичини «Ҳамкорлик фаолиятидан индивидуаллашган фаолиятга ўтиш» деб номланди. Бу педагогика педагогика коллежининг III курс ўқувчиларига хос бўлиб, улар ўқитувчилари билан ҳамкорлик шароитида шакллантирган хусусиятларини мустақил фаолият ёки касбий фаолият жараёнига татбиқ этишга тайёрлаши билан тавсифланади. Мазкур босқичда ҳар бир ўқувчига ўзининг мустақил билим олиш йўлини танлаши учун имконият ва рағбат яратиш зарур. Унинг муҳим касбий ва шахсий фазилатлари ривожланиши даражасига мутаносиб равишда ўқув материаллари баён қилиниши лозим.

Ҳар бир машғулотда ўқувчида мунтазам, уйғун ўқув кўникмаларини шакллантириш мақсадга мувофиқдир. Бу кўникмаларнинг бир қисми малакага айлангунга қадар ўқув жараёнини кўп тармоқли микро майдонлар билан кенгайтириб бориш керак. Уларнинг бир қисми мустақил ишлар, бошқа бир қисми эса ахборот манбалари ёрдамида вужудга келади. Бошқа бир томондан индивидуал изланиш, ҳамкорликда кичик ёки катта гуруҳ шаклида ишлаш учун ўқув фаолиятини ташкил этувчи асосий манба-бу дарслик бўлиб ҳисобланади.

Ўқувчи билан ишлаш деганда, ўқувчининг ёлғиз назоратсиз фаолиятини тушунмаслигимиз керак. Балки ўз билимини ошириш орқали касбий, шахсий сифат ва фазилатларини эгаллашни англамоқ лозим. Ўқувчи ўзини қизиқтирадиган, ечишга қурби етадиган топшириқларни айнан ўзи танлай олиши талаб этилади. Унинг хоҳиши ва билиш даражасини ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга. Ўқувчида ҳар бир топшириқни ижодий ёндашган ҳолда мустақил бажариш учун интилиши унинг асосий мақсади бўлмоғи керак. Мустақил ўқув фаолияти жараёнида, шунингдек, гуруҳий ишлаш шароитида бу мақсадга эришиш лозим. Натижада ҳар бир ўқувчи келгусида ўқишни давом эттириши ёки касбий фаолиятга қадам қўйиши учун зарурий билим, кўникма ва малакаларга эга бўлади. Ўқув тарбия жараёнини мақсадга мувофиқ ташкил этиш, унда кутилган натижаларга эришиш кўп жиҳатдан ўқитувчи билан ўқувчи ҳамкорлигининг қай даражада кечишига узвий боғлиқдир. Дарҳақиқат, ҳар бир ота-она, мураббий ва ўқитувчи ўқувчиларнинг баркамол шаклланишини орзу қилади, шунга интилади. Бунда албатта, таълим жараёнининг субъектлари ҳисобланган ўқитувчи билан ўқувчиларнинг дўстона, ижодий ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.

Тадқиқотларимиз натижаларига таяниб, биз юқорида тақдим этаётган ўқитувчи билан ўқувчи ҳамкорлигини такомиллаштириш босқичлари ҳам таълим жараёнини илмий асосда ташкил этишда, “ўқитувчи-ўқувчи” ҳамкорлигини йўлга қўйишда, сабоқ олувчиларда касбий ва шахсий сифат ва фазилатларнинг шаклланишида, улар касбнинг сир-синоатларини чуқур эгаллашда муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлаймиз. Таълим жараёнида ўқитувчи ва ўқувчи ҳамкорлигини такомиллаштиришнинг босқичлари бўйича келтираётган тизим қуйидаги жадвалда келтирилган. Албатта, ушбу босқичлар педагогика коллежи таълими жараёнида ўқитувчи ва ўқувчилар ҳамкорлигини тадқиқ этишнинг асосида келтирилганлигини ҳамда айнан бугунги кун таълим жараёни учун хослигини ҳам инобатга олиш ўринли.

 

Таълим жараёнида ўқитувчи ва ўқувчи ҳамкорлигини такомиллаштиришнинг босқичларини қуйидаги жадвал асосида тақдим этиш мумкин

 

Босқичлар

Ўқитувчи фаолияти

Ўқувчи фаолияти

1

Ҳамкорликка мўлжал олиш

Ўқитувчи таъсир кўрсатувчи, муносабат тактларини танлайди, ўқувчилар хатти-ҳаракати ва хулқ-атворини кузатади. Шароит ва вазиятга қараб, хатти-ҳаракатини мувофиқлаштириб боради

Ахлоқийлик, хушмуомалалик, самимий-лик, синчковлик, сабр-тоқатлилик, ўзини тута билиш, шахсий фазилатни чуқур ҳис этиш, бирор қарорга келишда ва ҳаракатда ўйлаб иш тутиш, белгиланган интизом ва тартибга қатъий амал қилиш, узоқни кўра олиш, ўзаро ҳамкорлик ва ёрдамга тайёрлик, шаклланиб боради.. Ўқитувчи шахсини кузатади, ўзига тегишли хулоса чиқаради.

2

Ҳамкорлик фаолиятига киришиш

Ҳамкорлик фаолиятига дастлабки қадам, ўқувчилар тўғрисида тасаввур шаклланади, уларни фаолият мақсадларини белгилашга кўмаклаша бошлайди

Ўқувчи ҳам ўқитувчилар тўғрисидаги дастлабки тасаввурларни шакллантиради ва педагоглар билан ҳамкорлик ўрнатишга ўзини йўналтира бошлайди.

3

Ҳамкорлик фаолиятини амалга ошириш”

Ўқитувчи ўқувчилар кўнглидан жой олади, фаолиятни тўғри ташкил этиш, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликни реал амалга оширади. Ўқувчиларнинг ютуқ ва камчиликлари юзасидан маслаҳатлар беради.

Ўқувчи ҳам ўқитувчини тушуниб, унинг хатти-ҳаракатларига ўзини мослаштиради. Ҳурмат ва самимий муносабат муҳитига кириб боради. Ўқитувчининг ижобий жиҳатларини ўзига сингдиради ва ўз фикрларини очиқ баён эта олади. Шуниннгдек, ҳамкорликни амалга оширишнинг шеригига айланади.

4

Ҳамкорлик фаолиятидан индивидуаллашган фаолиятга ўтиш

Ўқувчилар билан ҳамкорлик фаолиятини эркин ва ишончли муносабат маслаҳатчисига айланади.

Ҳамкорлик фаолиятига эркин кириша олади, хатти-харакатларини мустақил бажара бошлайди. Ўқитувчига таянч сифатида қарайди, асосий фаолиятни ўзи амалга оширишга тайёр. Фаолиятда мустақиллик етакчи кўринишга эга.

 

Ўқитувчи билан ўқувчи ҳамкорлиги босқичларини изоҳлаб бу муаммо юзасидан ҳамда ҳар бир босқич бўйича ҳам изланишлар олиб бориш мумкинлигини кўрсатади.

 Тадқиқот натижаларига кўра, шахслараро муносабатни белгиловчи коммуникатив оралиқ даражаларидан шу нарса маълум бўлдики, ҳамкорлик фаолиятининг бир неча поғонали тузилиши ёш хусусиятига, шахснинг камолоти, хулқ-атвор шакллари, хусусий яқинлик даражаси ҳамда жамоадаги қарор топган психологик муҳитга боғлиқ ҳолда шаклланади. Шунга биноан, ўқитувчи ва ўқувчи ҳамкорлигини такомиллаштириш босқичлари ҳамкорликка мўлжал олиш, ҳамкорлик фаолиятига киришиш, ҳамкорликдаги фаолиятни амалга ошириш, ҳамкорликдаги фаолиятдан индувидуаллашган фаолиятга ўтиш босқичларидан иборатдир.            

Ушбу кўзда тутилаётган ҳолатлар таълим жараёнида ўқитувчи ва ўқувчи ҳамкорлигида юзага келадиган муаммолар, яъни нохушликларнинг олдини олиш ва бартараф қилиш имкониятига эгадир.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

 

1.                  Каримов И.А. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. - Тошкент: Шарқ, 1998. – 64 б.

2.                  Ғозиев.Э.Ғ. Муомала психологияси. - Тошкент: 2001. - 140 б.

3.                  Ғозиев.Э.Ғ., Ўтанов Б. Ҳамкорлик психологияси. - Тошкент: 1992.-32 б.

 

Поступила в редакцию 07.05.2015 г.

2006-2019 © Журнал научных публикаций аспирантов и докторантов.
Все материалы, размещенные на данном сайте, охраняются авторским правом. При использовании материалов сайта активная ссылка на первоисточник обязательна.