ISSN 1991-3087
Рейтинг@Mail.ru Rambler's Top100
Яндекс.Метрика

НА ГЛАВНУЮ

Гигиена детского голоса в уроках музыки

 

Ортиков Тохир,

старший преподаватель Наманганского государственного университета, Узбекистан.

 

Мусиқа дарсларида болалар овози гигиенаси

 

Тоҳиржон Ортиқов,

Наманган ДУ Мусиқий таълим кафедраси катта ўқитувчиси.

 

Бошланғич синфларда мусиқавий тарбиянинг асоси мусиқа маданияти дарслари ҳисобланади. Мусиқавий тарбия ишларини ташкил қилишда болаларнинг анатомик, физиологик ва жисмоний ривожланишини ҳисобга олиш натижанинг яхши чиқишига гаровдир. 7-10 ёшли болалар идрокининг ўткирлиги, равшанлиги, софлиги, аниқлиги, қизиқувчанлиги, дилкашлиги, хайрихоҳлиги, ишонувчанлиги, ҳаёлининг ёрқинлиги, хотирасининг кучлилиги, тафаккурининг яққоллиги билан бошқа ёшдаги болалардан фарқланиб туради.

Мактаб таълими ўқувчининг турмуш тарзини, ижтимоий мавқеини, синф жамоаси ва оила муҳитидаги аҳволини ўзгартиради. Унинг вазифаси ўқишдан, билим олишдан, кўникма ва малакаларни эгаллаш, табиат ва жамият ҳақидаги қонуниятларни ўзлаштиришдан иборат бўлиб қолади. [1.112-113]

Бошланғич синф ўқувчиси биологик жиҳатдан нисбатан уйғун ўсади, унинг бўйи ва оғирлиги, ўпкасининг ҳажми мутаносиб ривожланади. Мусиқа дарсларида жамоа бўлиб куйлашда овоз аппаратларининг меъёрда ишлаши куйлаш малакаларининг ривожланишига ижобий таъсир қилади. Ёқимли товуш ҳосил қилишда нафас органлари (ўпка, бронх, трахея-томоқнинг нафас йўли), ҳиқилдоқ, резонаторлар (ютқун, оғиз ва бурун) асосий роль ўйнайди.

Болалар овози аппаратининг тузилиши ва ривожланиши хусусиятларига қараб, ҳар бир ёш гуруҳи индивидуал регистрдаги овоз тузилишига эгадир.

7-10 ёшли болалар овозининг диапозони кичик бўлиб, енгил фальцет садоси билан ажралиб туради (фальцет – италянча сўз бўлиб, “қалбаки” маъносини беради). [2.19]

Болаларнинг овоз аппарати ҳажман кичик, нозик ва мўрт бўлади. Шунинг учун унинг физиологик хусусиятларига эътибор бермасдан иш олиб бориш болаларнинг овози соғлигига зарар етказиш мумкин. Ўқувчиларни куйлашга қизиқтира олиш, кўп жиҳатдан ўрганиладиган ҳар бир машқ ёки қўшиқнинг ўқитувчи томонидан ифодали куйлаб беришига боғлиқ. Бошланғич синфларда болалар билан олиб бориладиган вокал – хор иши, асосан, мусиқа ўқитувчиси овозига тақлид қилиб куйлашга асосланади. Шу туфайли ўқитувчининг ўзи қўшиқни ёқимли куйлаб, болаларни ўзига эргаштира олиши зарур.

Болалар овозини зўриқтирмасдан куйлатиш учун қўшиқ айтишни примар оралиқ (фа - ля), ишчи диапозон (ми – си) ва умумий диапозон (ре-си (до2)) ларнинг меъёрига амал қилиш керак. Болалар бош резанаторига асосланган фальцетга яқин бўлган овозда куйлашини аввал юқорида айтиб ўтдик. Товуш ҳосил қилиш устида ишлаганда, бу уларнинг ягона куйлаш услуби эканлигини эсдан чиқармаслик лозим. Ўқувчиларга қўшиқ куйлашни ўргатаётган вақтда ўқитувчининг ўзи айнан шу овозда куйлаши тавсия этилади. Бошланғич синфларда болаларни майин овозда куйлашларига эриштириш овознинг мулойим ва ёқимли садоланишини таъминлайди.

Синфда болалар жамоа бўлиб куйлаётган вақтда овоздан эҳтиёткорлик ва ақл билан фойдаланишни ўқувчилардан талаб қилиш мусиқа ўқитувчисининг вазифасидир. Болаларда қаттиқ нутқ, бақириб куйлаш, ноқулай (паст ва юқори) тесситура[1]ни ҳаддан ташқари ишлатиш, овоз аппаратининг касаллигида куйлаш – буларнинг барчаси овоз пардаларининг чарчашига ва касалга чалинишига олиб келиши мумкин. Шу туфайли болалар ўз овозларини асрашлари, уни ҳар хил касалликлардан сақлашлари зарур. Дарсни дам олиш билан оқилона алмаштириб туриш жамоа бўлиб куйлаш режимининг асосий қоидасидир. Шунингдек, совуқ ҳавода куйлаш, совуқ ичимлик ичиш овоз аппаратига салбий таъсир қилишини ўқитувчиларга уқдириб бориш фойдалидир. Ўқувчиларни вақти – вақти билан врач – фониатр[2] кўригидан ўтказиб туриш овоз аппарати касалликларини олдини олишда муҳим аҳамиятга эгадир.

Мусиқа дарслари жараёнида мусиқа ўқитувчиси ўз мавқеидан оқилона фойдаланиб, жамоа бўлиб куйлашга уюшқоқлик, меҳнатсеварлик, мусиқа санъатига ижобий муносабат, хулқини идора этиш, қийинчиликларни енгиш каби фазилатларни ўқувчиларда шакллантириши мақсадга мувофиқдир.

 

Фойдаланилган адабиётлар

 

1.                  Э.Ғозиев. Психология. Тошкент.: “Ўқитувчи” 1994, 111-112-бетлар.

2.                  Н.Шарафиева. Хоршунослик Тошкент.: 1987 й. 19-бет .

 

Поступила в редакцию 14.11.2015 г.



[1] Тесситура – юқори товушларнинг болалар овозига мослиги

[2] Овоз аппаратини текширувчи врач

2006-2019 © Журнал научных публикаций аспирантов и докторантов.
Все материалы, размещенные на данном сайте, охраняются авторским правом. При использовании материалов сайта активная ссылка на первоисточник обязательна.