ISSN 1991-3087
Рейтинг@Mail.ru Rambler's Top100
Яндекс.Метрика

НА ГЛАВНУЮ

Дидактические основы обучения исполнению на музыкальных инструментах

 

Рахимов Шавкат Нарматович,

доцент Ташкентского государственного педагогического университета, Узбекистан.

 

Чолғу ижрочилигига ўргатишнинг таълимий асослари

 

Ш.Н.Рахимов,

Тошкент давлат педагогика университети доценти.

 

Мамлакатимиз истиқлолга эришгач таълим соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширила бошланиб, жамиятда содир бўлаётган демократик ўзгаришлар янги жамият барпо этиш йўлидан дадил етакловчи, ҳаракатлантирувчи ички кучга айланди. Чунончи, бу борада Президентимиз И.Каримов қуйидагиларни таъкидлайдилар: «Энг аввало, бизнинг таълим тизимига бўлган муносабатимизни ҳам тубдан ўзгартириш керак. Таълим ислоҳати бизни демократик ўзгаришлар, янги жамият барпо этиш йўлидан дадил етакловчи, барчамизни ҳаракатлантирувчи ички куч бўлмоғи зарур». [1. 4]

Таълим –инсоният тажрибасининг маълум томонларини, яъни ўқувчилар ижтимоий тараққиётининг ҳозирги талабларига мувофиқ даражада билим ва тарбияга эга бўлишларини таъминлайдиган фаолиятдир. Ўқитувчининг раҳбарлиги остида амалга ошадиган ўқув жараёни – дарс ҳисобланади. Дарс жараёнлари дидактиканинг принципларига асосланади. Дидактикада ана шу жараённинг қонуниятлари тадқиқ қилинади ҳамда ҳар хил типдаги таълим-тарбия муассасаларида бериладиган таълим мазмунини белгилашнинг илмий асослари, ўқитиш воситалари ва методларининг самарадорлигини ошириш йўллари ҳамда таълимнинг ташкилий шакллари ишлаб чиқилади.

Талабага чолғуда ижрони ўргатаётган ўқитувчи ўз фаолиятида таълим беришнинг турли усул ва восита, шунингдек, машғулотнинг ҳар хил шаклларидан фойдаланади. Ўқитувчи таълим-тарбия жараёнида педагогик таъсир воситаларини тўғри танлаши ҳамда уларга ижодий ёндашишида дидактик принципларга асосланади.

Педагогик адабиётларда дидактик принципларга қуйидагича таъриф берилган: «Принциплар ва таълими қонуниятлари узвийликда мавжуддир. Қонуниятлар принципларнинг айрим томонларини ёритади. Принцип умумийлик хусусиятига эга бўлиб, таълимда ўқув фанлрни ўқитиш босқичларида қўлланади». .[2. 49]

Ўқитувчи талабага чолғуда ижро этишни ўргатиш жараёнида қуйидаги таълим принципларидан фойдаланади;

-                   билимларни тизимли ва изчил ўзлаштириб олиш;

-                   таълимда назариянинг амалиёт билан боғлиқлиги;

-                   таълимдаги онглилик ва фаол ҳаракатда бўлиш;

-                   таълим жараёнининг кўрсатмали бўлиши;

-                   таълимнинг илмий бўлиши;

-                   таълимнинг тарбияловчилик имкониятларидан фойдаланиш;

-                   таълим принцицларининг ўзаро боқлиқлиги [3.217].

Ўқитувчи чолғуда ижрони ўргатиш жараёнида ўқувчининг ёши, назарий билими ва амалий тажрибалари, таълим-тарбиянинг мақсад ва вазифалари, ижрочиликнинг моҳияти ҳамда хусусиятини ҳисобга олган ҳолда юқорида келтирилган таълим принципларидан фойдаланади. Ўз навбатида шуни айтиш керакки, таълим принциплари ҳар бир ўқитувчи дарсни муваффақиятли олиб бориши учун етакчи кўрсатмалар сифатида фойдаланадиган принциплардир.

Дидактика педагогиканинг «нимага ўқитиш», «нимани ўқитиш» ва «қандай ўқитиш» каби саволларга жавоб излайди. Мусиқа ўқитувчиси ҳам чолғуда ижрони ўргатишда таълим принципларига таянган ҳолда «ижрони қандай ўргатиш керак?», «таълим жараёнида нималарни ҳисобга олиши зарур?» каби саволларга жавоб излаши лозим. Қуйида таълим принципларининг талаблари ва улардан келиб чиқадиган қоидалар асосида саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Билимларни тизимли ва изчил ўзлаштириб олиш. Бу принцип таълим жараёнинг объектив қонунларидан келиб чиқади. Ўқитувчи таълимнинг тизимлилиги принципи асосида ўз дастурларини тузади. Ўргатилаётган дарснинг маълум бир тизим асосида тузилганлиги, навбатдаги дарс олдингиси билан мантиқан боғлиқлиги ва олдинги дарснинг ўзлаштирилиши навбатдаги дарс билан мустаҳкамланиши, янги маълумотлар билан олдинги ўргатилган маълумотлар орасида узвий боғланиш мавжудлиги таълим самарадорлигини таъминлайди.

Талабанинг билимларни тизимли ўзлаштириши эса бевосита таълим жараёнида амалга оширилади. Таълимнинг тизимлилиги ва изчиллиги бузилса, ўзлаштирилган билим ва кўникмалар саёз бўлиб, улар амалда фойда келтирмайди. Тизимлилик ва изчиллик принципига таълимнинг барча босқичларида амал қилиш зарур, билим ва кўникмаларни ўзлаштиришда «оддийдан мураккабга», «таниш асарлардан нотаниш асарларга» ўтиш қоидаларига риоя қилиш ўзининг самарасини беради.

Таълимда назария билан амалиётнинг боғлиқлиги. Бу принцип – таълим жараёнида ўқувчилар ўз билимларини амалда қўллай олишларини, амалиётнинг ўзини эса билим олиш фаолиятининг асоси, деб билишларини қўзда тутади. Юқорида айтиб ўтилганидек, ижро этиш пайтида назарий қонун-қоидалар ўзлаштирилади ва текшириб кўрилади. Бундай таълим билимларни ўзлаштириш жараёни аниқ вазифаларни бажариш билан боғлиқ ҳолда олиб бориш имконини беради. Билимларни онгли равишда қўллаш назария билан амалиётнинг ўзаро боғлиқ эканлиги тасдиқловчи кўрсаткичдир.

Назариянинг амалиёт билан боғлиқлиги чуқур ўзлаштиришга ижобий таъсир кўрсатади. Билимлар амалда қўллаб кўрилгандагина уларни пухта ўзлаштириш имконияти туғилади.

Таълимдаги онглилик ва фаол ҳаракатда бўлиш. Таълимнинг асосий принципларидандир. Билимларни онгли ўзлаштиришга ўргатиш ўқувчиларни турли муҳит ва ҳодисаларни тўғри таҳлил этиш, уларнинг моҳиятини тушунишга, улар орасидаги алоқа, муносабат ва қонуниятларни очишга ўргатиш демакдир. Таълимга шундай ёндашиш ўқувчиларни кўп қиррали ва чуқур билимга эга бўлишларига имконият яратади. Нима учун ва нимани ўзлаштириш, ўрганиш кераклигини тушунмай туриб, билим ва кўникмаларни ўзлаштириб бўлмайди. Тушуниш эса фаол фикрлаш орқали амалга оширилади.

Маълумки, таълим жараёнининг кўргазмали бўлиши принципи ўқувчиларнинг билимга бўлган қизиқишларини кучайтиради, ёдда сақлаб қолиш ва ўзлаштириш сифатини яхшилайди. Чолғу таълимидаги кўргазмалилик принципининг характерли жиҳати шундаки, баъзан ўқитувчи чолғуда ижрони шахсан кўрсатиб бериши керак бўлади. Чолғуда ижрони ўқитувчиларга бевосита кўрсатиб бериш ўринли ва тушунарли бўлмоғи зарур. Кўргазмалилик принципини тўғри қўллаш учун ўқитувчи талабаларнинг ўрганилаётган материал тўғрисида қандай тасаввурга эга эканлигидан хабардор бўлиши керак.

Таълимнинг илмийлик принципи ўқув материалининг мазмуни, ҳажми ва ўқитиш методлари ўқувчиларнинг умумий билим савияларига мос тушишини талаб қилади. Ўқув материали муайян тизим ва изчиллик асосида оддий ва тушунарли баён этилиши керак. Илмийлик принципи ўқувчиларнинг ўқув материални онгли равишда ўзлаштира олишини кўзда тутади. Бу ўрганиш жараёнидаги қийинчиликларни четлаб ўтиш эмас, балки мавжуд қийинчиликларни аста-секин бартараф этиш демакдир.

Таълимнинг тарбияловчилик имкониятларидан фойдаланиш принципи. Буюк алломалар мақсадни фаолиятнинг характерини ва усулини белгилайдиган қонун деб аташган. Шунинг учун ҳам таълимда мақсадни моҳирлик билан белгилаш, уни аниқ тасаввур эта билиш катта аҳамиятга эга. Чолғу ижрочилигини ўргатиш жараёнида умумий мақсадни аниқлаш билан бир қаторда айрим кўникма ва ҳаракатларни ўзлаштиришда кўзланадиган мақсадлар ҳам эътибордан четда қолмаслик керак.

Таълимда ўқувчиларнинг индивидуал хусусиятларини, тайёргарлик даражасини, шахснинг шаклланиш қонуниятларини билиш муҳум. Шахснинг диққат-эътибори ва фикрлашини, сезгилари ва қобилият, хусусиятларини билиш унинг ўқув материалини ўзлаштириш имкониятини аниқлашда қўл келади. Ҳар бир ўқувчининг имкониятларини аниқлай билиш, ўргатиш методларини тўғри танлаш, ўқувчи имкониятларига мос вазифаларни кўрсатиш учун қулай шароит яратади. Ўрганилаётган материал ўқувчиларнинг ўрганиш имкониятига мос келиши ва улар ўз кучларини тўла сафарбар этиб ишлай олишлари таълимга якка татибда ёндашиш принципининг моҳиятини ташкил қилади.

Таълим принцицларининг ўзаро боқлиқлиги. Таълим жараёнининг муваффақияти маълум даражада ўтилган мавзунинг ёдда қанчалик пухта сақланиб қолиши билан боғлиқ. Принципларни ёдда яхши эслаб қолгандагина, уларни амалда қўллаш мумкин. Ўзлаштирилган дастурнинг ёддан кўтарилиши таълим изчиллигини бузади ва янги маълумотлар ўзлаштирилишини мураккаблаштиради. Шу боисдан, таълим жараёнида билимларнинг пухталигига эришиш, уларни кундалик назорат билан мустаҳкамлаб туриш керак.

Таълим принципларининг чолғу ижрочилари учун аҳамияти жуда катта. Барча ҳолларда ҳам ўқувчиларнинг фаол фикрлаши билимларни пухта ўзлаштиришига ёрдам беради. Бунда ўқувчиларнинг мустақил машғулотлари, ташаббус ва билим олишга ижодий ёндашишларнинг аҳамияти катта.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки чолғу ижрочилиги дарслари жараёнида кўриб чиқилган таълим принципларнинг ҳар бири ўзаро бир-бири билан боғлангандагина яхши самара беради.

 

Фойдаланилган адабиётлар

 

1.                  Каримов И.А. Баркамол авлод - Ўзбекистон тараққиёти­нинг пойдевори. - Т.: «Шарқ», 1998, 53 б.

2.                  Зуннунов А., Махкамов У. Дидактика. –Т.: «Шарқ», 2006, 49-б

3.                  Ибрагимов Х., Абдуллаева Ш. Педагогика назарияси –Т.: «Фан ва технология», 2008, 288 б.

4.                  Рахимов Ш. Чолғу асбоблари ўқитиш методикаси Т.: «Мусиқа», 2009, 71 б.

 

Поступила в редакцию 12.02.2016 г.

2006-2019 © Журнал научных публикаций аспирантов и докторантов.
Все материалы, размещенные на данном сайте, охраняются авторским правом. При использовании материалов сайта активная ссылка на первоисточник обязательна.