ISSN 1991-3087
Рейтинг@Mail.ru Rambler's Top100
Яндекс.Метрика

НА ГЛАВНУЮ

Теории развития личности в психологии Узбекистана

 

Ўзбекистон психологиясида шахс ривожланиши назариялари

 

Абдиназарова Нилуфар Эшназаровна,

соискатель Каршинского государственного университета, Узбекистан.

 

В статье изучены проблем развития личности в психологической науке Узбекистан.

 

Ўзбекистон психологиясида шахснинг шаклланиши ва ривожланиши қонуниятлари ҳамда уларнинг механизмларини тадқиқ этиш бўйича бир қатор илмий изланишлар олиб борилган. Мамлакатимиз психологиясида шахснинг ривожланиши муаммоси П.И.Иванов, М.Воҳидов, М.Давлетшин, Э.Ғозиев, Ғ.Шоумаров, Р.Гайнутдинов, Б.Қодиров, В.Каримова, А.Жабборов, Р.И.Суннатова сингари йирик психологларнинг асарларида ўз аксини топа бошлаган. Кейинчалик ушбу масала билан шуғулланувчилар сафи кенгайиб борди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда шахс психологиясининг муҳим муаммоларига доир қатор илмий-амалий тадқиқотлар психолог олимлар томонидан олиб борилмоқда. Республикамиздаги етакчи олийгоҳларнинг кафедра ва лабороторияларида шахс муаммолари, ёш даврлари ва таълим-тарбиянинг психологик хусусиятлари билан боғлиқ жараёнларни тадқиқ этиш бўйича илмий тадқиқот ишлари самарали йўлга қўйилган. Қуйида муаллифларнинг айримларига қисқача тўхталиб ўтамиз.

Э.Ғозиев “Умумий психология” китобида шахсга таъриф бериб, унга ижтимоий мавжудод, ижтимоий муносабатлар маҳсули, ижтимоий тараққиётнинг фаол қатнашчиси сифатида қарайди. Муаллифнинг фикрича, индивид сифатида ёруғ дунёга келган одам ижтимоий муҳит таъсирида кейинчалик шахсга айланади, шунинг учун бу жараён ижтимоий-тарихий хусусиятга эгадир. Илк болалик чоғиданоқ индивид муайян ижтимоий муносабатлар тизими доирасига тортилади, бундай шахслараро муносабатлар тарзи тарихий шаклланган бўлиб, у ёшлигиданоқ шу тайёр (аждодлар яратган) ижтимоий муносабат, муомала, мулоқот тизими билан таниша боради. Ижтимоий қуршов (оила аъзолари, маҳалла аҳли, жамоатчилик, ишлаб чиқариш жамоаси), ижтимоий гуруҳ ичида (кишиларнинг оғушида, уларнинг қалб тўрисида) одамнинг бундан кейинги ривожланиши уни шахс сифатида шакллантирувчи, унинг онги ва иродасининг хусусиятларига мутлақо боғлиқ бўлмаган ҳар хил хусусиятли муносабатлар мажмуасини вужудга келтиради.

Э.Ғозиевнинг таъкидлашича, шахсни ривожлантириш, шакллантириш, таркиб топтириш, камолотга етказиш мавжуд қарама-қаршиликларни, зиддиятли вазиятларни енгиш, иродавий зўр бериш, зўриқиш, танглик, жиддийлик ҳолатларини бошқариш, ўзини қўлга олиш орқали ушбу фаолиятни амалга оширишнинг оқилона, омилкор воситаларини (йўллари, усуллари, операциялари, кўникмалари, уқувлари, малакалари, одатлари, ҳаракатлари, саъй-ҳаракатлари кабиларни) ўзлаштириш, эгаллаш натижасида вужудга келади. Буларнинг барчаси имитация (тақлид), идентификация, рефлексия, стереотипизация, таълим, ўқитиш, ўқиш, ўрганиш, ўргатиш, сабоқ олиш, ўзлаштириш, мустақил билим олиш жараёнида юзага келтирилади. Мазкур ҳолатда аниқ фаолият орқали эҳтиёжни қондириш қонуний равишда янада юксакроқ, юқори босқичдаги янги хусусиятга эга бўлган эҳтиёжни туғдиради.

Мамлакатимизда шахс шаклланиши муаммоларини самарали ўрганган олимлардан бири П.И.Иванов ҳисобланади. Айниқса, унинг бола шахси шаклланиши ҳақидаги илмий қарашлари муҳим аҳамиятга эга. Муаллифнинг фикрича, болани қуршаб турган муҳит унинг онгига асосан тарбия ва таълим йўли билан сингдирилади. Ҳар бир бола теварак-атрофдаги кишилар билан хилма-хил ўзаро муносабатларга киришар экан, гўдаклигиданоқ билим, маҳорат ва малака орттира бошлайди. У аввал оила шароитида ёки мактабгача тарбия муассасаларида, сўнгра мактабда ўқийди, таълим-тарбия олади.

Олимнинг тушунтиришича, таълим ва тарбия шахсни камолга етказадиган асосий, етакчи омил ҳисобланади. Бунинг сабабини муаллиф қуйидагича тушунтиради.

1) организм ўсишининг ўзи ва муҳитнинг стихияли таъсири беролмайдиган нарсаларни одам таълим-тарбия жараёнида олади;

2) одамнинг ноқулай органик такомил натижаси бўлган нуқсон ҳам таълим-тарбия йўли билан зарур томонга қараб ўзгаради;

3) муҳитнинг стихияли салбий таъсир этиш натижаси бўлган камчиликлар ҳам таълим-тарбия йўли билан зарур томонга ўзгаради;

4) таълим-тарбия шахс тараққиётида прогрессив аҳамиятга эгадир;

5) таълим жараёнида болалар ўз ақлини илм билан бойитиб, бир қанча маҳорат ва малака олиб, шу билан бирга ўзлари ҳам камол топадилар.

П.И.Ивановнинг фикрича, болаларнинг камолга етиш даражаси улар томонидан ўзлаштирилган билим ва малакаларга боғлиқдир. Билим ва малакаларни ўзлаштириш жараёни эса ўз навбатида болаларнинг жисмоний ва маънавий томондан камол топишига имкон беради. Таълим жараёнида болаларнинг иродавий ва маънавий сифатлари такомиллашади, уларнинг дунёқараши таркиб топади. Таълим кишининг табиий қобилиятларини уйғотиш ва ривожлантириш учун муҳим шартлардан биридир, дейди олим.

М.Воҳидов кичик мактаб ёшидаги болалар шахсини тадқиқ қилиб, ёшга хос хусусиятларни очиб беришга ҳаракат қилган. У етти ёшли болаларнинг мактаб таълимига жалб қилиш масалаларида тўхталиб бу болаларнинг ҳаётида катта, унитилмас воқеа эканини таъкидлайди. Муаллифнинг фикрича, мактаб ҳаёти болаларга янги бир дунёни очиб беради, бу даврда болаларнинг асосий фаолиятларини ўзгаради, яъни ўйин фаолияти ўз ўрнини ўқиш фаолиятига бўшатиб беради ва ўзининг етакчилигини йўқотади. Етти ёшли болалар учун янги фаолият бўлган ўқиш улардан янги сифат, янги хусусиятларга эга бўлишларини талаб қилади. Ўқиш фаолияти учун болалар барқарор диққат, ўткир зеҳн, мустаҳкам хотира, тафаккур, яхши нутқ, ирода ва шунинг билан бирга мустақиллик, ишчанлик, батартиблик хислатлари бўлиши керак, дейди олим.

Олимнинг тадқиқотларида кўрсатилишича етти ёшли бола мактабга чиққандан сўнг батамом ўйнамай қўймайди. Бу ёшда ҳам ўйин улар фаолиятида муҳим ўрин эгаллайди. Бола ўқиш машғулотларидан бўш пайтида ҳар хил ўйинларни ўйнашда давом этаверади. Ўйин жараёнида бола ўз-ўзини идора қилишга, ўзининг ҳаракатларини ўйин қоидаларига бўйсундиришга, жавобгарликни сезишга, жамоа манфаатини устун қўйишга одатланади. Бу хислатлар кейинчалик мактабдаги ўқиш жараёнига ўтиш учун зарур бўлган хислатлардир.

М.Давлетшин кичик мактаб ёшидаги ўқувчилар шахс хусусиятларини ўрганиб, боланинг мактабга кириши унинг ҳаётида бурилиш ясашини таъкидлайди. Муаллифнинг фикрича, бола мактабга кириб, ўқий бошлаши биланоқ, унинг ҳаётида асосий фаолият ўқиш бўлиб қолади. Боланинг билимларини системали равишда ўзлаштириб бориши натижасида ундаги билим доираси кенгаяди, ақлий жараёнлар ривожланади, шу билан бир қаторда боланинг эмоционал ва иродавий хусусиятлари қайта таркиб топиб, ривожлана бошлайди. Мактабдаги таълим жараёнининг ўзи болаларнинг сезги, идрок, хотира, тафаккур, нутқ ва диққатларига янги талаблар қўяди. Мактабдаги ўқиш ташқилий муайян мақсадга қаратилган анча ихтиёрий ақлий жараёнларни талаб этади.

Ғ.Шоумаров бир қатор илмий изланишларида ўсмирлик даври муаммолари билан шуғулланади ҳамда бу даврни инсонни болаликдан - ёшликка ўтувчи ва ўз навбатида бошқа даврлардан ўзининг нисбатан кескинроқ, мураккаброқ кечиши билан фарқланиб туришини таъкидлайди. Муаллифнинг фикрича, мазкур даврда жинсий балоғатга етиш ва жисмоний ривожланишдаги ўсиш ўсмир руҳиятида янги психологик тузилишларнинг юзага келишида муҳим аҳамиятга эга бўлади ва булар биринчидан, ўсмир учун жуда сезиларли бўлган ўзгаришлар бўлиб, улар ўсмирнинг катта бўлганини ҳис қилишининг юзага келишининг объектив манбаси бўлиб хизмат қилади. Иккинчидан, жинсий балоғатга етиш бошқа жинс вакилига қизиқишни ривожлантиради, янги кечинма, ҳиссиёт, туйғуларни юзага келтиради.

Олимнинг фикрича, ўсмирнинг ички бандлиги ва янги таассуротлар, кечинмаларга муносабати даражаси уларнинг ўсмир ҳаётидаги ўрни кенг ижтимоий шароитлар билан, ўсмир ҳаётининг конкрет индивидуал шароитлари, унинг тарбияси ва мулоқоти хусусиятлари билан белгиланади. Бу ўринда ўсмир шахси шаклланишига фақат катталар учун мўлжалланган китоблар ва кинофильмлар салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Буларнинг барчаси, шунингдек ўртоқлари билан севги ва жинс муаммолари ҳақида гаплашишлари ўсмирларда одамлар муносабатларининг интим жиҳатларига кўтаринки қизиқишни юзага келтириши, эротик анъаналар ва илк сексуалликни ривожлантириши мумкин.

 В.Каримова ўз илмий тадқиқотларида шахс шаклланишида оиланинг ўрни муҳимлигини кўрсатиб ўтади. Унинг фикрича, шахс маънавияти, унинг дунёқараши, барча тасаввур ва эътиқодига алоқадор билимлари мажмуи асосан оилада шаклланади. Шу маънода – оила ҳақиқий маънавият ўчоғи, мафкуравий тарбиянинг омили ва шарт-шароитидир. Миллий мафкурамизга хос бўлган илк тушунчалар, шахснинг ҳаётий йўналишлари, эътиқоди ва иймони аввало оила муҳитида шаклланади. Бу жараён боболар ўгити, ота ибрати, она меҳри орқали амалга оширилади. Ҳар бир шахс оиланинг жамиятдаги ўрни ва функцияларини, қадр-қимматини англамасдан, Ватаннинг остонадан бошланишини тушунмасдан туриб, Ватан туйғусини том маънода хис қила олмайди. Бу иш асосан ҳар бир ўзбек оиласидаги тарбия анъаналари ва уларни такомиллаштириш, миллий қадриятларни турмуш тарзининг ажралмас бўлагига айлантириш, мулоқот маданиятининг Шарқона кўринишлари билан замонавий шаклларини уйғунлаштириш, меҳнат тарбияси, унинг фарзандлар фаровон турмуш кечиришининг муҳим тамойили сифатида қадрланишига эришиши орқали амалга ошириш мумкин.

 Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз психологларининг асарларида шахсга хос бўлган муайян умумий сифатлар, психологик хусусиятлар, хулқ-атвор моделлари ҳақида қизиқарли маълумотлар берилган. Улар билан яқиндан танишиш натижасида биз шахснинг тузилиши, уни шаклланиш қонуниятлари, унинг камолотида объектив ва субъектив таъсирларнинг роли, микро ва макромуҳитнинг таъсири, ривожланишнинг таянч манбалари бўйича зарур маълумотларни оламиз. Мазкур қарашларнинг аксарияти онтогенезда шахснинг шаклланиши қонуниятларини очишга муайян ҳисса бўлиб хизмат қилади, амалий ва назарий муаммоларни ечишда кенг кўламда қўлланилади. Бу ғоялардан, албатта, бугунги кунда таълим-тарбия жараёнида баркамол авлодни вояга етказишда кенг фойдаланиш самарали натижаларни беради.

 

Адабиётлар рўйхати

 

1.                  Воҳидов. М. Болалар психологияси. -Т: Ўқитувчи. 1982. -368 б.

2.                  Давлетшин. М. Умумий психология .-Т: ТДПУ. 2002. -149 б.

3.                  Иванов П.И. Умумий психология . -Т: Ўқитувчи. 1967. -604 б.

4.                  Каримова В. ва бошқ. Шахснинг ижтимоийлашуви муаммоси. -Т: ТДПУ. 2007. - 81 б.

5.                  Шоумаров Ғ. ва бошқ. Оила психологияси. - Т.: Шарқ. 2010. -296 б.

6.                  Ғозиев. Э. Умумий психология. – Т.: Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти. 2010. -544б.

 

Поступила в редакцию 18.05.2016 г.

2006-2019 © Журнал научных публикаций аспирантов и докторантов.
Все материалы, размещенные на данном сайте, охраняются авторским правом. При использовании материалов сайта активная ссылка на первоисточник обязательна.