ISSN 1991-3087
Рейтинг@Mail.ru Rambler's Top100
Яндекс.Метрика

НА ГЛАВНУЮ

Роль образцов устного народного творчества в формировании положительных характера и качеств у детей

 

Болаларда ижобий характер хислатларини шакллантиришда халқ оғзаки ижоди намуналарининг роли

 

Эргашева Сайёра Холиёровна,

соискатель Каршинского государственного университета, Узбекистан.

 

В статье изучены роль образцов устного народного творчества в формировании положительных черт характера у детей дошкольного возраста.

 

Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ аждодларимиз томонидан кўп асрлар мобайнида яратилиб келинган ғоят улкан бебаҳо маънавий ва маданий меросни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган ғоят муҳим вазифа бўлиб қолди. Ўзлигини англашга бел боғлаган ҳар бир халқ, миллат, аввало, буюк аждодлари меросини ўрганади. Зеро, халқ чинор бўлса, унинг илдизи, таянчи, уни ушлаб турадиган ва вояга етказадиган қудратли манба унинг мероси ва тарихий хотираси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб ёш авлодни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашда халқнинг бой миллий маданий-тарихий мероси, анъаналари, урф-одатлари ҳамда умумбашарий қадриятларига суяниш муҳим вазифа сифатида белгилаб қўйилди.

Маълумки, халқ оғзаки ижоди ҳам миллий маънавий меросимизнинг таркибий қисмларидан бири бўлиб, ўз ичига афсона, ривоят, лоф, латифа, мақол, топишмоқ, эртак, достон, қўшиқ, аския ва бошқаларни қамраб олади. Дарҳақиқат, аждодларимизнинг қадим ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, урф-одатлари, анъаналари, маданияти, тили, тарихи бадиий фалсафий жиҳатдан ўзига хос тарзда акс эттириладиган халқ педагогикаси ниҳоятда бой ва хилма-хил бўлиб, улар ёшларга тарбиявий таъсир кўрсатишнинг энг қадимий ва таъсирли воситалари ҳисобланади. Зотан, уларда талқин қилинадиган ғоялар болалар томонидан осон тушунилиши, тез ўзлаштирилиши, ҳиссиётлари ва қалбига кучли таъсир этиб мурғак тасаввурларини бойитиши билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистонда педагогика фани соҳасида мактабгача таълим муассасаларида халқ оғзаки ижоди намуналаридан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятлари М.Ҳайдаров, Х.Санақулов, М.Махмудова, И.Валихўжаева, Д.Абдураҳимова, З.Қурбаниязова, З.Бобобекова ва бошқаларнинг олиб борган илмий кашфиётлари муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга халқ мақолларини тўплаш, уларни саралаш ва мазмунини изоҳлашда Г.Мирзаев, Б.Саримсоқов, А.Мусоқулов, Ш.Шомаҳмудов, Ш.Шораҳмедов, Р.Сафарова, О.Тўраева, Ш.Абдужалилова, Э.Гаппаров ва бошқалар томонидан олиб борилган педагогик изланишлар диққатга сазовордир.

Мактабгача тарбия ёши ва унинг психологик хусусиятларини ўрганиш кейинги йилларда мамлакатимиз психология фанининг кенг тадқиқот объектига айланиб бормоқда. Бу соҳада Э.Ғозиев, Ғ.Шоумаров, В.Каримова, М.Давлетшин, М.Воҳидов, А.Жабборов, Ш.Баратов, З.Нишонова, ва бошқалар томонидан олиб борилган психологик изланишлар диққатга сазовордир. Ўзбекистонлик олимларнинг кенг қамровли илмий изланишлари ва улар муаллифлигидаги ўқув қўлланмаларда мактабгача тарбия ёши билан боғлиқ бир қатор муаммолар ҳақида батафсил илмий маълумотлар берилган.

А.Жабборов ўзининг “Педагогик психологиянинг этник асослари” ўқув қўлланмасида болаларни тарбиялашда улуғ аждодларимизнинг бой меъросидан фойдаланишнинг аҳамиятини кўрсатиб ўтади ҳамда ота-оналар ва ўқитувчи-мураббийларни ана шу қадриятларни чуқур ўрганишга чақиради. Зотан, ўзбек халқи қадим-қадимдан ўз фарзандларини ростгўйлик, иноқлик, садоқатлилик, бир-бирига ва ўзгаларга ғамхўрлик, саҳийлик, одоблилик, меҳмондўстлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор бериб келган. Айниқса, болалар томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар, уларнинг ноўрин ҳатти-ҳаракатлари ва феъл-атвори мақоллар ёрдамида ўзига хос баҳоланган.

Муаллиф томонидан олиб борилган илмий изланишларда болаларни тарбиялашда халқ донишмандлиги намуналари ичида, айниқса, мақолларнинг аҳамияти беқиёслиги кўрсатиб ўтилган. Унинг фикрича, мақоллар ихчам шаклга, аммо чуқур мазмунга эга бўлиб, уларда халқнинг турмуш тарзи, маънавий қиёфаси, дунёқараши, жамият ва табиатга бўлган муносабати тўлиқ ифодасини топган бўлади. Шунинг учун ҳам ўзбек оилаларида фарзандларига дастлабки ахлоқий малакалар мақоллар ёрдамида сингдирилади ва улар болаларда меҳнатсеварлик, поклик, самимийлик, принципиаллик, қаҳрамонлик, жасурлик, дўстлик, масъулиятлилик, мустақиллик, қатъиятлилик, ғамхўрлик, раҳмдиллик каби ижобий характер хислатларини таркиб топтиришда муҳим рол ўйнайди.

Мақоллар мавзу жиҳатдан ниҳоятда бой ва хилма-хил бўлиб, ғоят катта ижтимоий-сиёсий ва тарбиявий аҳамиятга эга. Жумладан, Ватан, меҳнат, илм-ҳунар, дўстлик, аҳиллик, донолик, ҳушёрлик, тил ва нутқ маданияти, севги ва муҳаббат каби мавзуларда, шунингдек, салбий хислатлар хусусида ранг-баранг мақоллар яратилган. Одатда, мақоллар халқ оғзаки ижоди жанри сифатида қисқа ва лўнда, образли, грамматик ва мантиқий тугал маъноли ҳикматли ибора, чуқур мазмунли гаплардан тузилган бўлади. Улар асрлар мобайнида халқ орасида сайқалланиб, ихчам ва содда поэтик шаклга келган ҳамда аждодларимизнинг ҳаётий тажрибалари, жамиятга муносабати, тарихи, руҳий ҳолати, этик ва эстетик туйғулари, ижобий фазилатларини ўзида мужассамлаштиради. Туркий халқларнинг мақолларидан намуналар дастлаб Махмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида келтирилган бўлиб, уларнинг бир қанчаси ҳозир ҳам ўзбек халқи орасида турли вариантларда ишлатилади. Масалан, Махмуд Кошғарий асаридаги “Киши оласи ичтин, йилқи оласи таштин”, “Одам оласи ичида, мол оласи ташида” кабилар ҳозирги кунда ҳам ҳар хил вариантларда халқимиз орасида ишлатилиб келинмоқда.

Халқ оғзаки поэтик ижодининг энг қадимий ва оммавий жанрларидан яна бири топишмоқлар ҳисобланади. Улар жаҳондаги барча халқлар фольклорида учрайди ҳамда ўзида халқ ҳаёти, турмуш даражаси, маданияти ва урф-одатларини ифодалайди. Одатда, топишмоқларда ечилиши мумкин бўлган сўроқ мажозий шаклда ифодаланиб, унинг маъноси яширинча бўлади. Топишмоқларда нарса ёки ҳодиса бошқа нарса ёки ҳодисага ўхшатиш, ўзаро қиёслаш, таққослаш орқали гавдалантирилади. Улар баъзан насрий, кўпинча шеърий шаклда, композицион ва ритмик жиҳатдан ихчам, содда ва оҳангдор бўлади. Macалан, “Бир парча патир, оламга татир” (ой); “Оппоқ дастурхон ер юзини қоплаган” (қор); “Паст осмондан қор ёғар” (элак). Айрим топишмоқлар мақол хусусиятига ҳам эга бўлади. Macалан, “Ҳаммага тўн тикаман, ўзим яланғоч” (игна).

Топишмоқларда метафора, ўхшатиш, муболаға, сифатлаш, такрор каби ифода воситалари кенг фойдаланилади. Macалан, “Ўзи бир қарич, соқоли қирқ қарич” (игна), “Ер тагида олтин қозиқ” (сабзи), “Зилзил гилам, зил гилам, зилдан ҳам оғир гилам” (ер) кабилар. Топишмоқ айтиш, асосан, болаларнинг сўз бойлигини ошириш, ҳаёт ва унинг ҳодисалари ҳақидаги тушунчалари ва тасаввурларини, идроки ва мулоҳаза қобилиятини кенгайтиришда тарбия воситаси ҳисобланади.

Эртаклар ҳам халқ оғзаки ижодининг ноёб намуналаридан бири ҳисобланади. Улар тўқима ва уйдирмага асосланган сеҳрли саргузашт ва маиший характердаги эпик бадиий асар ҳисобланади. Эртаклар асосан, наср шаклида яратилган бўлиб, ҳаёт ҳақиқатининг хаёлий ва ҳаётий уйдирмалар асосида тасвирланганлиги, тилсим ва сеҳр воситаларига асосланиши, воқеа ва ҳаракатларнинг ажойиб ғаройиб ҳолатларда кечиши, қаҳрамонларнинг ғайритабиий жасорати билан халқ оғзаки ижодининг бошқа жанрларидан фарқ қилади. Одатда, эртакларда уйдирма муҳим мезон бўлиб, сюжет воқеаларининг асосини ташкил этади ҳамда сюжет чизиғидаги динамик ҳаракатнинг конфликт ечимини таъминлайди. Уйдирмаларнинг турли хил намуналари таълимий эстетик функцияни бажаради, жанр компоненти сифатида ўзига хос бадиий тасвир воситаси бўлиб хизмат қилади.

Табиийки, болалар эртаклари катталар фольклоридаги намуналардан сюжетдаги ва тилдаги соддалик билан ажралиб туради. Уларнинг матнлари ҳам ҳажм жиҳатдан қисқа бўлади. Иштирок этадиган қаҳрамонлар - образлар эса кўпинча ҳайвонлардир. Катталар ёш болаларга бағишланган эртаклар орқали бир қатор мақсадларни назарда тутганлар. Жумладан, бундай эртаклар болаларни овутишга, айрим ёввойи ва уй ҳайвонлари, қушлар ҳақида маълумот беришга, уларнинг нутқини ўстиришга, ухлашдан олдин тинч-сокин кайфиятни ҳосил қилишга, интизомли, жасур, қатъиятли инсон бўлишга, қийинчиликларни енгишга, ўртоқларига ёрдам беришга тайёр бўлишига қаратилади (Масалан, “Сусамбил”, “Бўри билан тулки”, “Тулкининг тақсимоти”, “Икки бойқуш”, “Ялмоғиз”, “Семурғ”, “Девбачча”, “Кенжа ботир”, “Қулоқбой”, “Ҳандалак полвон”, “Уч ёлғонда қирқ ёлғон” кабилар)

Хуллас, болаларни тарбиялашда халқ донишмандлигининг барча тараққийпарвар асосларидан фойдаланиш шахсни камол топтиришда, унинг ижодий имкониятларини очиш ва уларда умуминсоний қадриятларга асосланган дунёқарашни шакллантиришда муҳим рол ўйнайди. Бу ўринда, айниқса, бола тарбияси борасида аждодламиздан мерос бўлиб қолган бебаҳо хулосалар, ечимлар акс этган битмас-туганмас халқ дурдоналари, ҳикмат, мақол, ривоят, эртак, афсона ва достонларга мурожаат этиш, улардан оқилона фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

 

Адабиётлар рўйхати

 

1.                  Воҳидов. М. Болалар психологияси. Т.: Ўқитувчи. 1982 й. -368 б.

2.                  Жабборов. А. Педагогик психологиянинг этник асослари. Т.: Зарқалам. 2006 й. - 48 б.

3.                  Имомов К., Мирзаев Т., ва бошқ. Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди. Т.: Ўқитувчи. 1990 й.

4.                  Мадаев О., Собитова Т. Халқ оғзаки поэтик ижоди.Т.: Шарқ. 2010 й. -208 б.

5.                  Маҳкамов У. Ахлоқ-одоб сабоқлари. Т.: Фан. 1994 й. -136 б.

6.                  Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. Муаллифлар гуруҳи. Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси давлат илмий нашриёти. 2003 й.

 

Поступила в редакцию 24.03.2016 г.

2006-2019 © Журнал научных публикаций аспирантов и докторантов.
Все материалы, размещенные на данном сайте, охраняются авторским правом. При использовании материалов сайта активная ссылка на первоисточник обязательна.