ISSN 1991-3087
Рейтинг@Mail.ru Rambler's Top100
Яндекс.Метрика

НА ГЛАВНУЮ

Взгляды восточных мыслителей на национально-социальные основы здоровых психологических отношений среди молодоженов

 

Алимарданова Рано Норбоевна,

преподаватель кафедры психологии ТерГУ,

Жабборов Исмоил Азимович,

преподаватель кафедры психологии Каршинского государственного университета.

 

Ёш келин – куёв ўртасида соғлом психологик муносабатларни таъминлашнинг ижтимоий – миллий асослари ҳақида Шарқ мутафаккирларининг қарашлари

 

Алимарданова Раъно Норбоевна,

ТерДУ мустақил изланувчиси,

Жабборов Исмоил Азимович,

Қарши ДУ ўқитувчиси.

 

Шарқ мутафаккирларининг илмий-маданий меросини ўрганар эканмиз, уларда баён қилинган оилавий турмуш қоидалари, ундаги шахслараро муносабатлар маданияти, фарзанд камолоти, эркак билан аёл муносабати, инсоний фазилатларнинг шаклланиши ҳақидаги қимматли фикрлар шарқ халқлари, хусусан, ўзбек халқининг оғзаки ижоди, эпосининг (ўзбек халқ мақоллари, эртаклари, достонлари, афсоналари, ривоятлари) узвийлиги асосида таркиб топган илмий-маданий мерос эканлигини кўрамиз.

Чунончи, ўзбек халқининг оғзаки ижоди ва эпосларида мардлик, ҳалоллик, камтарлик, ишонч, севгига-садоқат, дўстлик, адолатлилик, меҳнатсеварлик, ҳамфикрлилик, орасталик, гўзаллик, оқиллик, эътиқод, ҳурмат-эҳтиром, оила шаъни ва ғурурини ҳимоя қилиш, туғилган жойига муҳаббат, эзгуликка интилиш, ҳалол ва пок яшаш улуғланган. Бу воқеликни биз Алпомиш, Кунтуғмиш, Гўрўғли, Ойсулув, Лайли ва Мажнун, Юсуф ва Зулайҳо каби қатор ўзбек халқ достонларининг қаҳрамонлари мисолида кўришимиз мумкин.

Маълумки, муқаддас исломда, унинг асосий манбалари ҳисобланган "Қуръони карим" ва Ҳадисларда ҳам оилавий турмушнинг ва эр-хотин муносабатларининг барча томонлари ҳақида қимматли маълумотлар ва шаръий қонунлар ёритилган. Исломда бўлажак оиланинг вужудга келишига алоҳида эътибор берилган. Шариат бўйича никоҳдан ўтишда қуйидаги қоидаларга амал қилиш лозим бўлган. 1.Никоҳланувчиларнинг ўзаро розилиги. 2.Никоҳ ёшига тўлиш. 3.Никоҳни гувоҳлар иштирокида тузиш. 4.Келин учун қалин ва маҳр тўлаш. 5.Диний эътиқод бирлиги. 6.Никоҳланувчилар яқин қариндош бўлмаслиги. 7.Табақа бўйича тенглик. 8.Никоҳдан ўтувчиларнинг руҳий жиҳатдан соғлом бўлиши.

Ҳатто аждодларимизнинг муқаддас дини ҳисобланган зардуштийликда ҳам никоҳ ва оилавий бурч масаласи муҳим ахлоқий ўринда турган. Зардуштийликда кўп хотинлилик қатъий ман этилган. Айни пайтда ҳаётни бўйдоқ ўтказиш ҳам қораланган. "Авесто"да қайд қилинишича, эркак аввало уйланиш учун моддий ва маънавий томондан тўқ ва бақувват бўлмоғи лозим эди.

Умуман Зардуштийликда ҳам, Исломда ҳам никоҳда икки томон тенг ва муносиб бўлиши айтиб ўтилган. Никоҳ тартиблари ва ҳаётий тажрибаларига кўра, келин ва куёв насл насабда, ижтимоий мавқеда, билим-савияда, дид-фаросатда, илм-эътиқодда, мулкдорликда бир-бирларига яқин бўлиши маъқул топилган. Шу боис, Шарқ халқларида ёшларни оилавий турмушга тайёрлаш, уларнинг тенгини топиб уйлантиришга жиддий эътибор берилган. Айниқса, қизларни оилавий турмушга тайёрлашда, уларда биринчи навбатда инсоний фазилатлар шаклланган бўлиши, оиланинг муқаддас эканлиги, уни авайлаб-асраш айнан уй бекаларига боғлиқлиги ҳақида аждодларимиздан бизгача етиб келган насиҳатнома, панднома ва ҳикматномаларда тарбиявий аҳамиятга эга бўлган қимматли насиҳатлар ҳикоя қилинган.

Шарқнинг буюк алломаларидан Абу Наср Форобий (873-950) жамият тараққиёти қонуниятларини ва инсон камолоти босқичларини, инсонлар яшаш жараёнида бахт-саодатга эришув йўлларини ўзининг машҳур асари "Фозил одамлар шаҳри"да баён этади. Форобий оқил инсонлар ҳақида гапириб, "Ақлли деб шундай кишиларга айтиладики, улар фазилатли, ўткир мулоҳазали, фойдали ишларга берилган, ёмон ишлардан ўзларини четга олиб юрадилар. Бундай кишиларни оқил дейдилар” деган эди (2). Аллома оқиллар бор жойда ҳеч қачон муаммолар ва келишмовчиликлар (жумладан, оилада) бўлмаслигига ишора қилади.

Форобийнинг инсон камолоти, унинг жамиятдаги, оиладаги ўрни, ёшларнинг вояга етишдаги таъсири тўғрисидаги фикрлари, инсонлар жамоасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва ёрдам ҳақидаги ҳикматлари ҳозирги оилавий турмуш масалаларини ечишда, ундаги муносабатларни тўғри йўлга қўйишда, фаровон турмуш кечириш учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Абу Райҳон Берунийнинг муайян қарашлари оилавий турмуш, оила ва никоҳ, оилавий қадриятлар ва унинг аъзолари ўртасидаги муносабатларга хосдир. Бундай ишораларни Беруний ҳикматларида ҳам учратамиз. "Яхши хулқ яхшилик аломатидир" (3;19). "Бузуқ ниятли ва ёмон ахлоқли кишилар ўртага кириб олиши билан иш тўғри бўлмайди" (3; 20). "Тенглик ҳукм сурган жойда сотқин, алдамчи эҳтирослар, ғам-ғусса бўлмайди (3;21). Оилавий муносабатларда ана шундай ҳикматларга амал қилишимиз мақсадга мувофиқдир.

Беруний қарашларида оилавий муносабатлар барқарорлигининг етакчи омиллари оқиллик ва меҳнатсеварликнинг аҳамияти ҳақида ҳам қимматли фикрлар мавжуд. "Муайян вазифаларни бажариш зарурияти инсон фаолиятининг бир умрга яшаш қоидасидир. Инсоннинг қадр-қиммати ўз вазифасини аъло даражада бажаришидан, шунинг учун ҳам инсоннинг энг асосий вазифаси ва ўрни меҳнат билан белгиланади. Зеро, инсон ўз ҳоҳишига меҳнат туфайли эришган" (3; 78).

Ушбу муаммога оид мулоҳазалар Абу Али Ибн Синонинг (980-1037) "Донишнома", "Рисолаи ишқ", "Тиб қонунлари", "Уй хўжалиги" каби қатор асарларида баён этилган бўлиб, Марказий Осиё халқлари ахлоқ-одоби, тарбия психологияси, фалсафа ва табобат оламида алоҳида ўрин тутади. Ибн Сино оилавий муносабатларнинг турли ва муҳим томонларини ёритар экан, аввало оила бошлиғи эрнинг олдидаги масъулиятли вазифаларига эътиборини қаратади. Унинг фикрича, биринчи навбатда эр оиладаги тарбиявий ишларга доир ҳам назарий, ҳам амалий маълумотларга эга бўлиши шарт. Шундагина, у ҳақиқий оила бошлиғи бўла олади. Эр-хотин муносабати тенглик ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат асосида қурилиши ҳақида тўхталиб, "Эркак киши оила бошлиғидир, у оиланинг барча эҳтиёжларини қондирмоғи лозим, чунки бу унинг бирламчи вазифасидир. Аёл эса эркакни яхши, муносиб йўлдоши ва бола тарбияси борасида энг яхши ворис ва ёрдамчисидир" деб ёзади Ибн Сино (6).

Ибн Сино оилавий муносабатлар мароми оиладаги тинч тотувлик, меҳр-мурувват, оила ғурури ва шаъни кўп жиҳатдан аёлларга ҳам боғлиқ эканлиги ҳақида кўп ёзган. Жумладан, "Оила хўжалиги" асарида аёллар ахлоқан энг мақбул, юқори инсоний фазилатларга эга бўлмоқлари лозим, деб ёзади. Мазкур асарнинг "Аёлларнинг яхши фазилатлари ҳақида" номли бўлимида уларнинг қуйидаги фазилатлари баён қилинади; аёл ақлан доно, уятчан, иболи, иффатли бўлиб, кўп гапирмаслиги лозим; у эрига бўйсунмоғи, уни севмоғи, фарзандлар туғиб, доимо ҳалол, пок, тўғри сўз, камтар бўлиши керак; инжиқ бўлмаслиги, ўз иффат ва обрўсини тўкмаслиги лозим; у ҳеч қачон эрига нисбатан димоғдорлик, виқор ҳиссини кўрсатмаслиги, ўз ишларини яхши, ўз вақтида бажариб, оиланинг моддий бойликларини тежамкорлик билан ишлатмоғи лозим; ўз хулқ-атвори билан ўз эрининг қалбида ҳадиксираш ҳиссига ўрин қолдирмаслиги керак ("Ибн Сино ва тадбири манзил". 6;38 б.).

Шунингдек, Ибн Сино "китоб уш-шифо" асарида оила инқирози ва бузилишига сабаб бўладиган омилларни ҳам кўрсатиб ўтган.

Буларга: 1. Агарда эр ва хотинликдан дунёга фарзанд келмаган бўлса.

2. Агарда хотин эрига ҳиёнат қилиб, унинг эътиборини пасайтирса.

3. Хотин киши тарбиясиз бўлса-ю, тарбия олишни истамаса.

4. Эр ва хотин бир-бирларига ёқмайдиган характерли бўлса.

Кўриниб турибдики, Ибн Сино асарларида оила-никоҳ ва оилавий турмушда эр-хотин муносабатларини ибратли мисоллар асосида ёритган ҳамда аёллар мавқеи ундаги муносабатларда муҳим ўрин тутишини асослаб берган.

Кайковус қаламига мансуб Қобуснома асари (1082-1083 йилларда ёзилган) Шарқ халқлари орасида маълум ва машҳурдир. Қобусномада қатор ибратли ва ҳаётий панд насиҳатлар билан биргаликда "ишқ ва унинг одатлари зикрида"ги, "хотин олмоқ зикрида"ги қисмларида ҳам қимматли маълумотлар берилган. "Эй фарзанд, то кишининг таъби латиф бўлмагунча ошиқ бўлмағусидир, нединким ишқ бешак таъби латифликдан пайдо бўлур. Ҳар нарсаки таъби латифликдан пайдо бўлса, ул бешак латиф бўлур" (7; 58). Бу ерда инсоннинг қалби тоза, пок ва ахлоқан юксак бўлса, унинг кўнгли, сифат ва фазилатлари ҳам, ҳиссий кечинмалари ҳам соф ва чиройли бўлишига ишора қилинган. "Бас, агар ошиқ бўлсанг шундоқ кишига бўлгилки, ул маъшуқаликка лойиқ бўлсин". Бунда бўлғуси эр-хотиннинг никоҳигача даврда бир-бирини кўриб-билиб, синаб маъшуқанинг оқила, ораста, тежамкор, саранжом-саришта, бола тарбиясини, уй-рўзғор ишларини ўрнига қўядиган камтарин ва эрига садоқатли бўлиши назарда тутилади.

Эй фарзанд, агар хотин олмоқ тиласанг, ўз ҳурматингни яхши сақлагил. Гарчи мол азиз бўлса ҳам хотин ва фарзандингдан дариғ тутма. Аммо хотинни пок дил, фарзандни фармонбардор ва меҳрибон тутгил бу иш сенинг қўлингдадир. Бу ўринда хотинга хос муносабатда бўлиш эрнинг ихтиёрида эканлиги огоҳлантирилган.

Агар сен хотинингга рашклик қилмасанг, у сенга самимият билан муносабатда бўлур. У сенга ота-онанг ва фарзандларингдин ҳам мушфиқроқ бўлур ва сенга ундин дўстроқ киши топилмас. Агар унга ғайрроқ (рашк, қизғаниш) кўргузсанг, сенга минг душмандин душманроқ бўлур ва бегона душмандин ҳазар қилса бўлур, лекин ундин ҳазар қилиб бўлмас (7; 85). Бунда эр-хотиннинг ўзаро муносабатларини зиддиятларнинг шаклланишига олиб келувчи сабаблар ва омиллар ҳақида гап боради.

Юсуф хос Ҳожибнинг машҳур асари "Қутадғу билиг" (бахт саодатга йўлловчи билим)да эр ёки хотин танлашда унинг қайси сифат ва фазилатларига эътибор бериш зарурлиги, инсон шахсига хос сифат ва фазилатларнинг оилавий ҳаётни бошқаришдаги роли, ўрни ва аҳамияти, эр-хотин ўзаро муносабатларининг меъёрлари, фаровон турмуш кечиришнинг муҳим шартлари ҳақида қимматли фикрлар айтилганки, улар ҳозирги оила турмуши ва эр-хотин муносабатлари учун ҳам аҳамиятлидир. Асарда "Сен хотин олсанг, ўзингдан қуйисини ол, зоти олийсига боқма, сен қул бўлиб қоласан". Асли, уруғи ҳамда зоти яхши бўлсин, уятли, андишали, покизасини истагин (10; 669).

 Юзи чиройини истама, хулқи яхшисини иста, феъл-атвори яхши бўлса, сенинг юзингни ёритади. Феълу-атвори яхши бўлса, у тўкис бўлади. Феълу-атвори тўғри бўлса, жуда муносиб бўлади, хотин чиройи хулқдир, буни билган билади (10; 671).

Агар яхши андишали аёл топишга муяссар бўлсанг, бой берма (дарҳол олгин) эй эзгу киши андишали, покиза бўлса, ундай киши асл бўлади. Сен хотиннинг андишали-ақллисини иста, эй доно, андишали, ақлли хотин топилса - фаросат, андиша, бойлик, чирой, насл-насаб жам бўлади (10; 673). "Сен хотинни қадрли тут, нима сўраса муҳайё эт".

Асарда хотин билан бир қаторда эр ҳам билимдон, фаросатли, ақл-идрокли, зукко бўлиши, оила тартибини сақлаш ва уни юритишда интизомли (интизом ўрнатувчи), уни кузатиб бориши кераклиги, оиланинг иқтисодий жиҳатдан тўкислигини таъминловчи, хотинига ва фарзандларига меҳрибон, хушмуомалали, тўғри сўз бўлиши унинг фаровонлиги ва барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Алишер Навоий (1441-1501) "Маҳбуб ул қулуб", яъни "қалблар севгилиси" ва "Вақфия" асарларида оилавий турмуш билан боғлиқ эр ва хотиннинг вазифалари, бурчлари, ўзаро муносабат-мулоқот маданияти, уларнинг мувофиқлиги ва номувофиқлиги, унинг оқибатлари ҳақида қимматли насиҳат ва маълумотларни ёзиб қолдирган. Жумладан, Алишер Навоий "Маҳбуб ул қулуб" асарининг 37 фасли "уйланганлик ва хотинлар тўғрисида" аёлнинг фазилатлари ва унинг оиладаги ўрни ҳақида қуйидагиларни ёзади; "эр билан хотин бир-бирига мос тушса, ўртада бойлик ва саранжомлик бўлур, уй безаги ундан ва уйланганнинг (эрнинг) тинчлиги ундан.

Ҳусни бўлса, кўнгилга ёқимли бўлур, яхшилиги бўлса, жон озиғидир. Ақлли бўлса, турмуш интизомли ва рўзғор керак яроғи тартибли ва саранжомли бўлади. Ана шундай турмуш ўртоғи бўлса - ғам кулфатда сирдош ва ҳамдаминг бўлур, махфий ва яширин дард ва машаққатда ҳамнафас ва ҳамроҳинг бўлур. Турмушдан ҳар жафо етса, ҳасратдошинг ул ва осмондан ҳар бир бало келса, кўмакдошинг ул. Кўнглинг ғамидан ул ғам чекади.

Носоз жуфт уй учун ҳам очиқ ва ҳам яширин қўрқинчли касалликдир. Уятсиз бўлса, кўнгил ундан озорланади, ярамас бўлса, руҳ ундан азоб тортади. Тили ёмон бўлса куёвнинг кўнгли яраланади, ёмон ишлик бўлса, эрга юз қаролик келади. Майхўр бўлса, уй ободонлиги йўқолади ва бузуқи бўлса уй ичи расвогарликка айланади"

Ўз даврининг етук уламоси Ризоуддин ибн Фахруддин эр-хотин муносабатларининг софлиги нақадар муҳим аҳамият касб этишини эътироф этган ҳолда бу масалага шундай ёндашади. "Гўзал муомалали бўлмоқ ислом шариатининг биринчи қоидаларидандир. Гўзал муомаланинг энг лозим қисми хотин билан бўлажак муомаладир.Қуръони Карим хотинлар билан гўзал мушоират этишга буюргандир. Бундай муомала этувчи эрнинг дунёси тузук, охирати роҳат бўлур.

Хотинга гўзал муомала қилувчи олий табиатли эрлар шариату ақл тарафидан ман этилган нарсаларга хотинларини йўлламайдилар ва энг азиз боласига бўлган меҳру-шафқати даражасида оқибат кўрсатиб, хотинларини барча машаққатдан сақлайдилар, қурбилари етмаган хизматга буюрмайдилар"

Шарқ мутафаккирларининг маънавий меросидан бундай мисолларни адоқсиз давом эттириш мумкин. Уларнинг асарларида оиланинг муқаддаслиги, унинг жамият ҳаётида тутган ўрни, оила муқаддаслигини белгиловчи муҳим миллий-маданий ва миллий-психологик омиллар кўрсатиб ўтилган.

Оила барқарорлигини белгиловчи шахслараро муносабатларга хос қимматли маълумотлар ҳозирги оилавий турмуш ва унинг барқарорлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

 

Адабиётлар рўйхати

 

1.                  Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: Маънавият, 2008-176 б.

2.                  Абу Наср Фаробий. Фозил одамлар шаҳри. – Т.: 1993.

3.                  Абу Райхон Беруний. Ҳикматлар. – Т.: 1973 -174 б

4.                  Абдурауф Фитрат. Оила. – Т.: Маънавият, 2000 – 112 б.

5.                  А.Навоий. Махбуб – ул қулуб. Тан.ас. тўп. 13т.

6.                  А.Ирисов. Абу Али ибн Сино: Ҳаёти ва ижодий мероси. – Т.: Фан 1980-208 б.

7.                  Кайкавус. Қобуснома. Т.: Истиқлол. 76-б

8.                  Ризоуддин ибн Фахриддин. Оила. – Т.: Меҳнат 1991-64 б.

9.                  Файзиева М.Х. Жабборов А.М. Оилавий муносабатлар психологияси. – Т.: Янги аср авлоди. 2007-144 б.

10.              Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билиг. – Т.: 1971.

 

Поступила в редакцию 24.01.2017 г.

2006-2019 © Журнал научных публикаций аспирантов и докторантов.
Все материалы, размещенные на данном сайте, охраняются авторским правом. При использовании материалов сайта активная ссылка на первоисточник обязательна.