ISSN 1991-3087
Рейтинг@Mail.ru Rambler's Top100
Яндекс.Метрика

НА ГЛАВНУЮ

Систематизирование учителем учебного материала в начальном образовании

 

Казакова Мархабо Кудратовна,

преподаватель кафедры методики дошкольного и начального образования Каршинского государственного университета.

 

Бошланғич таълимда ўқув материалини ўқитувчи томонидан тизимлаштирилиши

 

Казакова Мархабо Кудратовна,

Қaрши давлат университети Мактабгача ва бошланғич таълим методикаси кафедраси ўқитувчиси.

 

Бошланғич таълим тизими замонавий моделининг ривожланиш асосини тизимли ва мунтазам равишда амалга оширилаётган таълимни модернизациялаш доирасида ўқув материали мазмунини янгилаш, инновацион жараёнларни жадал ўзлаштириш ташкил этади. Бу эса, ўқитувчи томонидан ўқув материалини тизимлаштирилишига оид бўлган таянч тушунчаларни турли аспектда, нафақат бир-бирига зидлик, балки бир-бирини ўзаро тўлдириш нуқтаи-назаридан тадқиқ этиш заруратини юзага чиқаради. Тадқиқотимизда таянч тушунчалар сифатида қуйидагилар кўриб чиқилади: “тизим”, “таркибий тузилиш (структура)”, “тизимлаштириш”, “ўқув материали”, “жараён”, “ўқув жараёни”, “таълим жараёнида ўқув материалини тизимлаштириш”, “ўқувчилар томонидан ўқув материалини тизимлаштирилган ҳолда ўзлаштирилиши”, “ўқитувчи томонидан ўқув материалини тизимлаштирилган ҳолда тақдим этилиши”.

Фалсафий ва психологик-педагогик манбаларда “тизим” тушунчасининг қирқдан ортиқ таърифлари мавжуд бўлиб, уларда асосан икки хил ёндашувни ажратиб кўрсатиш мумкин: 1) “тизим” тушунчасининг яхлитлигини яққол ифодаловчи ёндашув; 2) “тизим” тушунчасининг ўзаро боғлиқ бўлган бир қанча элементлардан иборатлигини ифодаловчи ёндашув.

Маълумки, тизим назариясининг яратувчиси Лео фон Берталанти тизимни ўзаро боғлиқ бўлган элементларнинг мажмуаси сифатида таърифлаган. Тизимнинг ўзига хос белгилари: яхлитлик ва бирлик, сифат муайянлиги, маълум бир таркибий тузилишга эгалиги (структура), қуйи поғоналарнинг юқори поғоналарга бўйсунувчанлиги (иерархия), ўзаро боғликлик ва ўзаро таъсир, гомеостаз хусусият (тизимнинг ўз-ўзини тиклаш хусусиятига бўлган интилиши), доимийлик (ёки барқарорлик-ўзгармаслиги), динамикага эгалиги, очиқликдан иборатдир.

Тизимнинг бир қанча хусусиятлари ажратиб кўрсатилган: 1) тизим яратувчи яхлит компонентлардан иборат; 2) тизим элементлари орасида мустаҳкам, такрорланувчи, доимий алоқалар, муносабатлар ва хусусиятлар мавжуд; 3) тизим маълум бир мақсадга эришиш учун яратилади: у муайян мақсадга йўналтирилган тавсифга эга бўлади - сунъий тизимлар ёки айрим объектив қонуниятларни рўёбга чиқаради - табиий тизимлар; 4) яхлитлик, қолган барча хусусиятларни ўзида жамлаган ҳолда тизимни бирлаштирувчи омил сифатида намоён бўлади.

Педагог-психологлар (В.Г.Афанасьев, К.Костов, Т.И.Шамова, В.А.Якунин) тадқиқотларининг натижаларига кўра ҳар қандай мураккаб тизимларнинг компонентлари орасида уч хилдаги муносабатлар юзага келади: субординация - компонентларнинг бир-бирига бўйсунувчанлиги, бир тарафлама бўлиши, яъни, компонетларнинг бири бошқасига буйсунган бўлиши; корреляция - икки тарафлама муносабатлар, ўзаро боғлиқлик, тенг даражалилик; констелляция - бирор бир восита орқали боғланганлик.

Ҳар қандай тизим маълум бир функцияни бажаради ва маълум бир ҳудуд чегарасида ҳаракатланади, ҳудуд чегараларидан чиқиш тизимни деформацияланишга, унинг бузилиб кетишига олиб келади. Шунинг учун ҳам тизимларни муайян мақсадга мувофиқ равишда бошқариш лозим бўлади.

Тизимнинг кўрсатиб ўтилган белгилари, хусусиятлари ва функциялари унинг турларини аниқлаш учун етарли асос бўла олишини қайд этган ҳолда, тизимни қуйидагича таснифлаш мумкин: сунъий (инсон томонидан яратилган, масалан, илмий тадқиқ этиш тизими); табиий; очиқ (ташқи таъсирга берилувчан) ва ёпиқ, берк (муҳит билан алоқага киришмайдиган, масалан, идеал, мукаммал системалар – мантиқий, математик) ва бошқалар.

“Тизим” тушунчасини таснифлашнинг моҳиятини асослаш учун тизимлилик атамасининг семантикаси алоҳида мазмунга эга бўлган айрим кўринишлар шаклида эмас, балки кенг ва кўпқиррали тарзда идрок қилиш орқали ўқув материалларининг таркибий тузилишини такомиллаштириш нуқтаи назаридан тадқиқ қилинади. Ўқув материалларини тизимлаштиришдан кўзда тутилган мақсад, пировард натижада, ўқувчи онгида нафақат тушунчалар, атамалар ва қонунларнинг акс этиши, балки борлиқ оламни яхлит тарзда идрок қила олиш назариясини шакллантиришдан иборат. Бунинг учун эса, ўқувчи назарияни тизим тарзида ўзлаштириши ва ўзи эгаллаган билимларнинг алоҳида элементлари, ўз шахсий тажрибаси, анъаналардан келиб чиқиб борлиқ оламнинг яхлит тасаввурини ярата олиши лозим бўлади. Мазкур тушунчани ҳар тарафлама ўрганиш натижасида бошланғич синф ўқувчиларида билимларни тизимлаштириш даражасини орттиришга имкон яратадиган асосий усуллар: а) бош ғояни яъни мазмун асосини белгиловчи унсурларни ва мавжуд алоқаларни ажрата билиш; б) ўқув материалини таркиблаштириш (таркибини шакллантириш); в) ўқув материалининг йирик блокларини яхлит тарзда етказиш (В.Ф.Шаталов); г) дидактик бирликларни йириклаштириш (П.М.Эрдниев), методологик билимларни ажрата билиш (Л.Я.Зорина).

Тадқиқотимизнинг навбатдаги таянч тушунчаси “таркибий тузилиш” (структура). “Таркибий тузилиш” предмет ва ҳодисаларнинг ташқи кўриниши, бутуннинг таркибий қисмларга ажратилган ҳолдаги таснифи, қисмларнинг макон ва фазодаги жойлашувини ифодалайди. Одатда, ташқи – макон ёки фазони ифодаловчи, муайян миқдорий муносабатларни акс эттирувчи “таркибий тузилиш” ва билим ўзлаштириш жараёнларининг сифати миқдорига асосланувчи ички “таркибий тузилиш” кўпроқ учрайди.

Тизим ва таркибий тузилишнинг юқорида кўрсатиб ўтилган белги ва хусусиятлари “ўқув материали” тушунчасини тадқиқ этиш учун имконини беради. Ўқув материали, ўқув жараёнида қўллашга мўлжалланган, моддий ёки тасаввурдаги объектларда ифодаланган мукаммал моделлар тизимидир. Мазкур тушунча таркиби шакллантирилган маълумотдан иборат бўлиб, ундан таълим жараёнида фойдаланиш мумкин. Ассоциациялашув (тасаввур, ҳис-туйғу, фикр ва шу кабиларнинг бир бирини эслатадиган ўзаро боғланиши) орқали алоҳида элементлар ҳақидаги маълумотлар ягона семантик майдонга йиғилади. Бунинг натижасида эса болалар хотирасининг имкониятларидан самаралироқ фойдаланиш мумкин бўлади. Маълумки, хотира когнитив тизимнинг бир қисми бўлиб, маълумотларни сақлаш ва уларни заҳирадан ишлатиш функциясини бажаради. Ўқувчиларнинг билим олиш жараёнларини ташкил этиш иерархия (қуйи поғоналарнинг юқори поғоналарга бўйсуниши) тарзида амалга оширилади. Ўқувчининг билим олиш жараёни ўқув топшириқлари тизимини ўзлаштиришдан иборат эканлиги назарда тутилса, ўқув материали бирлиги ўқув топшириғида намоён бўлади. Юқоридагилардан келиб чиқиб таъкидлаш жоизки, ўқув материали педагогик нуқтаи-назардан мақсадга мувофиқлаштирилган, ўзлаштирилиши лозим бўлган топшириқ ва вазифалар тизимидан иборат бўлади. Шунинг учун ҳам ўқув топшириқлари тизимини яратиш ўқув материалларини тизимлаштиришда ўқитувчи фаолиятининг асосини ташкил этади.

Тадқиқот этилаётган мавзунинг навбатдаги таянч ибораси “ўқув материалини тизимлаштириш”. “Ўқув материалини тизимлаштириш”ни таълим материалини англаш, идрок этиш жараёнининг бир даври сифатида таърифлайдилар. Бу ерда ўқув материалини яхлит англаш назарда тутилган. Улар Гербарт изидан бориб тизимлаштиришни таълим жараёнининг алоҳида босқичи сифатида талқин этадилар.

Биз ўқув материалини тизимлаштириш деганда маълум бир тизимда ўрганилаётган объектларга боғлиқ бўлган ўқув материали билан оқилона ишлашни тушунамиз. Ўқув материалларини тизимлаштириш нафақат ўқувчи онгида тушунчалар, атамалар ва қонунларнинг акс этиши, балки борлиқ оламни яхлит тарзда англаш ва тушуна олиш назариясини шакллантириш сифатида ҳам рўёбга чиқади.

Ўқув материалларини тизимлаштиришда тушунчаларни тартибли равишдаги бир тизимга келтириш, улар орасидаги муносабатларни аниқлаштириш жараёнлари амалга оширилади. Бу жараёнлар ўқув материали мазмунини турли хил кўргазмали воситалар ёрдамида тўлиқ идрок этилгандагина амалга оширилиши мумкин бўлади. Акс ҳолда ўқувчилар янги тушунчаларнинг мазмун-моҳиятини тўла англамасдан, яъни ўрганилаётган объектга тааллуқли тушунчаларни англамасдан уларни қўллашга одатланиб қоладилар. Бунинг натижасида эса бола тафакккурига ортиқча, қўллашга яроқсиз оғирликлар юкланиб қолади.

Бошланғич синфларда ўқув материалини тизимлаштириш ўқув предметининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда турли усуллар билан амалга оширилади. Масалан, ўқиш дарслари ўтилаётганда кичик мактаб ёшига мос бўлган бадиий асарлардан ибратли ибораларни ўргатишда; математика ўқитишда эса қоидалар, қонуниятлар, аксиомалар; табиий фанларни ўқитишда – қонуниятлар, таснифлашларни ўргатишда - тизимлаштириш юқори самара беради. Тизимлаштириш ўқувчиларнинг назарий фикрлашларини ривожлантириш, ўқиб англаш ва амалиёт элементлари таркибини тузиш, элементларнинг ички алоқалари ва муносабатларини очиб бериш кабиларни шакллантиради.

Шундай қилиб, тизимлаштириш илгари ўрганилган ўқув материалини такрорлаш, таълим мазмунининг мақбул ва истиқболли алоқаларини ривожлантириш, яъни, билиш жараёнини узлуксиз равишда бойитиб, чуқурлаштириб бориш мақсадига йўналтирилган бўлади. Ўқув материалини тизимлаштириш натижасида ўзлаштирилган билимлар шахснинг хотираси, идрокида мустаҳкамланиб боради ва билиш назарияси яъни гнесеология таркиби билан уйғунлашади.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

 

1.                  Шодиев Р.Д., Салямова Ш.Р. Ўқув материалини тизимлаштирилишига тахлилий ёндашув. Фан, тараққиёт ва ёшлар. Илмий-амалий конференция материаллари тўплами.-Қарши, 2015. 73-75-бетлар.

2.                  Шодиев Р.Д., Салямова Ш.Р. Бошланғич синфларда ўқув материалини таркиблаштириш ва ўқувчиларда мантиқий фикрлашни ривожлантириш. Илм-фан ва инновация//илмий-амалий конференция. Қарши. 2016. 226-232-бетлар.

 

Поступила в редакцию 04.05.2018 г.

2006-2019 © Журнал научных публикаций аспирантов и докторантов.
Все материалы, размещенные на данном сайте, охраняются авторским правом. При использовании материалов сайта активная ссылка на первоисточник обязательна.