ISSN 1991-3087
Рейтинг@Mail.ru Rambler's Top100
Яндекс.Метрика

НА ГЛАВНУЮ

Креативный подход в деятельности педагога

 

Сафарова Мохидил Ахмадовна,

старший преподаватель Регионального центра ППКРНО при Каршинском государственном университете, Узбекистан.

 

Педагог фаолиятига креатив ёндашув

 

Safarova Mohidil Axmadovna

 

Креативлик (лот., инг. “create ” – яратиш, “creative” яратувчи, ижодкор) –педагогнинг янги ғояларни ишлаб чиқаришга тайёрликни тавсифловчи ҳамда мустақил омил сифатида иқтидорлиликнинг таркибига кирувчи ижодий қобилияти маъносини ифодалайди

Шахснинг креативлиги унинг тафаккурида, мулоқотида, ҳистуйғуларида, муайян фаолият турларида намоён бўлади. Креативлик шахсни яхлит ҳолда ёки унинг муайян хусусиятларини, зеҳни ўткирликни тавсифлайди. Шунингдек, креативлик иқтидорнинг муҳим омили сифатида акс этади.

Америкалик психолог П.Торренс фикрича, креативлик муаммо ёки илмий фаразларни илгари суриш; фаразни текшириш ва ўзгартириш; қарор натижаларини шакллантириш асосида муаммони аниқлаш; муаммо ечимини топишда билим ва амалий ҳаракатларнинг ўзаро қарама-қаршилигига нисбатан таъсирчанликни ифодалайди.

Бошқа ҳар қандай сифат (фазилат) каби креативлик ҳам бирданига шаклланмайди. Креативлик муайян босқичларда изчил шакллантириб ва ривожлантирилиб борилади.

Педагогнинг креативлик сифатларига эга бўлиши унинг шахсий қобилиятлари, табиий ва ижтимоий қувватини касбий фаолиятни сифатли, самарали ташкил этишга йўналтиради. Олий таълим тизимида фаолият юритаётган педагогларнинг креативлик сифатларига эга бўлишлари уларда ўқув ва тарбия жараёнларини ташкил этишга анъанавий ёндашишдан фарқли янги ғояларни яратиш, бир қолипда фикрламаслик, ўзига хослик, ташаббускорлик, ноаниқликка тоқат қилмасликка ёрдам беради. Бинобарин, креативлик сифатларига эга педагог касбий фаолиятини ташкил этишда ижодий ёндашиш, янги, илғор, болаларнинг ўқув фаолиятини, шахсий сифатларини ривожлантиришга хизмат қиладиган ғояларни яратишда фаоллик кўрсатиш, илғор педагогик ютуқ ва тажрибаларни мустақил ўрганиш, шунингдек, ҳамкасблар билан педагогик ютуқлар хусусида доимий, изчил фикр алмашиш тажрибасига эга бўлишга эътибор қаратади. Одатда педагогларнинг креативлик қобилиятига эга бўлишлари педагогик муаммоларни ҳал қилишга интилиш, илмий-тадқиқот ишлари ёки илмий лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро ижодий ҳамкорликка эришишлари орқали таъминланади, шакллантирилади ва у аста-секин такомиллашиб, ривожланиб боради. Ҳар қандай мутахассисда бўлгани каби бўлажак педагогларнинг креативлик қобилиятига эга бўлишлари учун талабалик йилларида пойдевор қўйилади ва касбий фаолиятни ташкил этишда изчил ривожлантириб борилади. Бунда педагогнинг ўзини ўзи ижодий фаолиятга йўналтириши ва бу фаолиятни самарали ташкил эта олиши муҳим аҳамиятга эга.

Педагог ижодий фаолиятни ташкил этишда муаммоли масалаларни ечиш, муаммоли вазиятларни таҳлил қилиш, шунингдек, педагогик характердаги ижод маҳсулотларини яратишга алоҳида эътибор қаратиши зарур. Муаммоли масала ва вазиятларни ҳал қилар экан, педагогнинг масала ечимини топишга ижодий ёндашиши унда ҳиссий-иродавий сифатларнинг ривожланишига ёрдам беради. Педагог ўз олдига муаммоли масалаларни қўйиш орқали мавжуд билимлари ва ҳаётий тажрибаларига зид бўлган далиллар билан тўқнаш келади. Бунинг натижасида ўз устида ишлаш, мустақил ўқиб ўрганишга нисбатан эҳтиёж сезади. Педагогнинг илмий-тадқиқот ишлари ва илмий ёки ижодий лойиҳаларни амалга ошириши унда креативлик потенциалини янада ривожлантиради. Педагог ўз-ўзидан ижодкор бўлиб қолмайди. Унинг ижодкорлик қобилияти маълум вақт ичида изчил ўқиб ўрганиш, ўз устида ишлаш орқали шаклланади.

Замонавий таълим барча турдаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган тарбиячи, педагогларнинг ижодкор бўлишларини тақозо этмоқда.

Кўпгина педагог-тарбиячилар ўзларида креативлик қобилиятини мавжуд эмас, деб ҳисоблайдилар. Буни икки хил сабаб билан асослаш мумкин: биринчидан, аксарият педагог-тарбиячилар ҳам аслида «креативлик» тушунчаси қандай маънони англатишини етарлича изоҳлай олмайдилар; иккинчидан, креативлик негизида бевосита қандай сифатлар акс этишидан бехабарлар.

Айни ўринда шуни алоҳида қайд этиб ўтиш жоизки, ҳар бир шахс табиатан креативлик қобилиятига эга. Хўш, улар ўзларида креативлик қобилияти мавжудлигини қандай намоён эта олишлари мумкин. Бу ўринда Патти Драпеау шундай маслаҳат беради: Агарчи ўзингизни креатив эмасман деб ҳисобласангизда, ҳозирданоқ креатив тафаккурни ривожлантиришга қаратилган дарсларни ташкил эта бошлашингизни маслаҳат бераман. Аслида, гап сизнинг ижодкор ва креатив бўлганингиз ёки бўлмаганингизда эмас, балки дарсларни креативлик руҳида ташкил этишингиз ва янги ғояларни амалда синашга интилишингиздадир.

Юқорида билдирилган фикрларга таянган ҳолда “креативлик” тушунчасини қуйидагича шарҳлаш мумкин: Шахснинг креативлиги унинг тафаккурида, мулоқотида, ҳистуйғуларида, муайян фаолият турларида намоён бўлади. Креативлик шахсни яхлит ҳолда ёки унинг муайян хусусиятларини тавсифлайди. Креативлик иқтидорнинг муҳим омили сифатида ҳам акс этади. Қолаверса, креативлик зеҳни ўткирликни белгилаб беради, “таълим олувчилар эътиборини таълим жараёнига фаол жалб этишни таъминлайди”.

 

Адабиётлар рўйхати

 

1.                  Ҳусанов Б., Ғуломов В. “Муомала маданияти” Дарслик. – Т.: Иқтисод молия”, 2009.

2.                  Сайидаҳмедов Н. Педагогик маҳорат ва педагогик технология.– Т.: ОПИ, 2003.

 

Поступила в редакцию 09.06.2018 г.

2006-2019 © Журнал научных публикаций аспирантов и докторантов.
Все материалы, размещенные на данном сайте, охраняются авторским правом. При использовании материалов сайта активная ссылка на первоисточник обязательна.